add

Ўзбекистон ва Тожикистон Хитой ва Европага янги мултимодал йўлакни ишга туширади

05.01.2026 | 19:382 дақиқа

Пилот лойиҳа доирасида 10 та юк машинасидан иборат илк карвон Ўзбекистондан Тожикистон орқали Хитойга йўл олади.

Ўзбекистон ва Тожикистон Хитой ва Европага янги мултимодал йўлакни ишга туширади

Тожикистон ва Ўзбекистон Хитой – Тожикистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа мултимодал коридоридан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳани ишга туширмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Транспорт вазирлигига таяниб, Sputniknews хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу пилот лойиҳа доирасида 10 та тўлиқ юкланган юк машинасидан иборат карвон Ўзбекистондан Тожикистон орқали Хитойга йўл олади.

Икки давлат транспорт вазирлари Азим Иброҳим ва Илҳом Маҳкамов яқинда бўлиб ўтган музокаралар чоғида ушбу масала бўйича келишувга эришган.

Душанбе ва Тошкент янги мултимодал коридор орқали Хитойга биргаликда юкларни етказиб беришни бошлашлари мумкин. Юкларни ташиш учун рухсатномалар электрон шаклда берилмоқда.

Ушбу коридор 2022 йилда Душанбеда «Логистика ва унинг Тожикистон ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришдаги устувор йўналишлари» халқаро конференцияси доирасида тақдим этилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган «Жартепа – Саразм» чегара ўтиш пунктининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш режалаштирилган.

У ерда кунига 100 тагача юк машинасини ҳужжатларни зудлик билан расмийлаштирган ҳолда қабул қила оладиган янги логистика маркази ташкил этилади.

Бундан ташқари, чегара яқинида ҳар куни 150-200 нафар мурожаатчига тиббий хизмат кўрсатадиган диагностика маркази, шунингдек, 800 нафар тадбиркорга мўлжалланган савдо мажмуаси ташкил этилади. Тожикистон фуқаролари паспорт назоратидан ўтмасдан, ортиқча ҳужжатлар расмийлаштирмасдан ва узун навбатларсиз тижорат ва тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Комиссия, шунингдек, халқаро автомобил ташувлари учун рухсатнома бланкалари сонини кўпайтириш ва уларни электрон шаклда топшириш имкониятларини кўриб чиқди.

Теглар

Мавзуга оид