add

Ўзбекистон Хитой билан сунъий йўлдош учиришда иштирок этади

2026 йилда учириладиган ушбу cунъий йўлдош Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги ва экологик мониторинг учун сунъий интеллект асосида маълумот олиш имконини беради.

Ўзбекистон Хитой билан сунъий йўлдош учиришда иштирок этади

1 декабр куни президент иштирокидаги йиғилишда мамлакатда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ишлари ва космик дастурларни ривожлантириш муҳокама қилинганди. Тақдимот чоғида «Samarqand-2028» сунъий йўлдоши лойиҳаси кўриб чиқилган эди.

Лойиҳа доирасида сунъий интеллект модули ишлаб чиқилиб, ғўза ва дон экинларининг вегетациясини аниқлашда миллий моделдан фойдаланиш режалаштирилган. Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекоснинг таъкидлашича, ушбу модул реакция вақти ва тасвирларни қайта ишлаш жараёнини сезиларли қисқартиради. 22 та спектр асосида амалга ошириладиган таҳлил натижаларни реал вақтда олиш имконини беради.

2 декабрда «Ўзбеккосмос» агентлиги ва «Star.Vision» ўртасида стратегик меморандум имзоланиб, космик технологияларни ривожлантиришда ҳамкорлик кучайтирилди. Компания 2028 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз спутникларидан бирини «Samarqand-2028» деб номлашга розилик берди.

Меморандумга кўра, йўлдош учирилишида Ўзбекистон ҳам иштирок этиб, унинг сунъий интеллект модулини маҳаллий мутахассислар ишлаб чиқади. Гиперспектрал тасвирлар орқали олинадиган маълумотлар экологик ҳолатни баҳолаш, қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилиш ва бошқа соҳалар учун юқори аниқликда таҳлил тайёрлаш имконини беради.

Теглар

Мавзуга оид