add

Ўзбекистон «яшил» энергия бўйича янги келишувлар имзолади

Абу-Дабида ўтган энергетика форумида Ўзбекистон делегацияси қўшма лойиҳалар ва «яшил» энергия истиқболлари юзасидан келишувларга эришди.

Ўзбекистон «яшил» энергия бўйича янги келишувлар имзолади

2025 йил 2–6 ноябрь кунлари Абу-Даби шаҳрида «ADIPEC–2025» ва «ENACT Majlis» каби халқаро форумлар бўлиб ўтди. Булар энергетика, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларига бағишланган йирик глобал йиғинлардан саналади. Форумларда дунё бўйича энергетика вазирлари ва етакчи корпорациялар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон делегациясига Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилик қилди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Тадбирда сунъий интеллект технологияларини энергетика соҳасига татбиқ этиш, хусусан электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ҳамда маълумотлар марказлари ва рақамли тармоқлар самарадорлиги каби масалалар муҳокама қилинди. Давлат-хусусий шериклик асосидаги инновацион моделлар, энергетик барқарорлик ва тизимларни модернизация қилиш юзасидан ҳам тажриба алмашилди.

Форум доирасида «Энергия хавфсизлиги ва барқарорлигини диверсификация қилиш» мавзусида вазирлар иштирокидаги давра суҳбати ўтказилди. Унда глобал энергетика бозорида юзага келаётган эҳтиёжлар ва уларга амалиётга йўналтирилган ёндашувлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси форум доирасида БАА Саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Аҳмад Ал-Жобир, Энергетика вазири Суҳайл ал-Мазруий ҳамда «Masdar», «AMEA Power», «Siemens Energy», «Honeywell» ва «BP» каби етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Томонлар қўшма лойиҳаларда эришилган натижалар ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Айни вақтда «Masdar» билан 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси, шунингдек, 63 MW қувватдаги энергия сақлаш тизими фаол ишлаб турибди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида 300 MW қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда. Форум якунида «Masdar» билан Навоий вилоятида 300 MW/600 MWh ва «AMEA Power» билан 200 MW/800 MWh қувватдаги энергия сақлаш тизимлари бўйича шартномалар имзоланди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон «яшил» энергия бўйича янги келишувлар имзолади | Vaqt.uz