add

Ўзбекистон Евроиттифоқ билан виза тартибини соддалаштиришни муҳокама қилди

Кеча 08:583611 дақиқа

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи меҳнат, таълим ва туризм мақсадида сафар қиладиган фуқаролар учун виза тартибини соддалаштириш бўйича музокараларни бошлади.

Ўзбекистон Евроиттифоқ билан виза тартибини соддалаштиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг Ички ишлар ва миграция бўйича бош директорати экспертлари билан виза тартибини соддалаштириш юзасидан музокараларнинг биринчи босқичини ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун Европа давлатларига сафар қилишда амал қилаётган амалдаги виза тартиб-таомилларини енгиллаштириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинган. Асосий эътибор меҳнат фаолияти, ўқиш мақсадида сафар қилаётганлар, халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи юк машиналари ҳайдовчилари ҳамда туристик гуруҳларга қаратилган.

Музокаралар давомида Европа томони виза тартибини соддалаштириш масаласини Еврокомиссия кун тартибига киритиш учун бажарилиши лозим бўлган шартлар ва техник талаблар ҳақида ахборот берди. Ушбу шартлар миграция хавфсизлиги, ҳужжатлар айланмаси, маълумотлар алмашинуви ва консуллик ҳамкорлиги билан боғлиқ жиҳатларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон томони мазкур талабларни пухта ўрганиб, уларни босқичма-босқич бажаришга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек, виза тартибининг енгиллашиши икки томонлама иқтисодий, таълимга оид ва ҳуманитар алоқаларни янада фаоллаштириши таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар виза режимини соддалаштиришга қаратилган музокараларни давом эттириш, экспертлар даражасида мунтазам мулоқот ўрнатиш ва амалий натижаларга эришиш учун ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.

Теглар

Мавзуга оид