
Ўзбекистонда 10 ойда кўчмас мулк хизматлари 21 трлн сўмга етди
Бу даврда мамлакатда кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар сезиларли ўсиб, бозорда асосий улушни ижара ва бошқарув хизматлари ташкил этгани қайд этилди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январ—октябр ойлари давомида Ўзбекистонда кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар ҳажми 21 триллион сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,4 фоизга ошган.
Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида кўчмас мулк сегментидаги асосий улушни шахсий ёки ижарага олинган кўчмас мулкни ижарага бериш ва бошқариш хизматлари эгаллади. Ушбу йўналиш умумий хизматлар ҳажмининг 95,9 фоизини ташкил этгани билан эътиборли.
Шу билан бирга, шахсий кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ хизматлар улуши 1,7 фоизни ташкил этди. Статистик маълумотлар бу сегментнинг ҳажми нисбатан паст бўлиб, бозордаги фаолият асосан ижара муносабатларига таянаётганини кўрсатади.
Шартнома асосида ёки мукофот эвазига кўрсатиладиган кўчмас мулкни бошқариш хизматлари улуши 1,6 фоизни, агентликлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар эса 0,8 фоизни ташкил этди. Бу йўналишлар сўнгги йилларда босқичма-босқич ривожланаётган бўлса-да, ҳали бозорнинг кичик қисмини эгаллаётганини кўрсатади.





