Ўзбекистонда 10 та ОТМ миллий тадқиқот университетига айланади

Бугун 16:332 дақиқа

Ўзбекистонда 10 та университетга миллий тадқиқот мақоми берилиб, 2027-йилдан рейтинг асосида молиялаштириш жорий этилади

Ўзбекистонда 10 та ОТМ миллий тадқиқот университетига айланади

3-апрел куни Шавкат Мирзиёев Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда илм-фанни иқтисодиёт билан узвий боғлаш ва таълим ҳамда тадқиқот интеграциясини кучайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Шу асосда «U10 — Ўзбекистоннинг глобал даражадаги илғор университетлари» дастурини амалга ошириш режалаштирилган. Дастур доирасида танлов орқали 10 та олий таълим муассасасига миллий тадқиқот университети мақоми берилади ва улар негизида илмий кластерлар ташкил этилади.

Танловда қамраб олинадиган мезонлар

Танловда профессор-ўқитувчилар салоҳияти, университетларнинг миллий ва халқаро рейтинглардаги ўрни, илмий инфратузилмаси ҳамда молиявий кўрсаткичлари асосий мезон сифатида баҳоланади. Илмий кластерлар маҳаллий ва хорижий университетлар, илмий марказлар ва саноат корхоналари иштирокида консорциум шаклида ишлайди.

Ҳар бир университетга жамғармадан пул ажратилади

Мазкур кластерларни ривожлантириш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ҳар бир университетга 150 млрд сўмгача маблағ ажратилиши белгиланган.

Университетлар рейтингига кўра молиялаштирилади

Шунингдек, олий таълим тизимида натижага йўналтирилган молиялаштириш механизми жорий этилади. 2027 йилдан бошлаб университетлар миллий рейтинг натижаларига кўра рағбатлантирилади. Бунда таълим сифати, илмий фаолият, халқаро ҳамкорлик, рақамлаштириш ва битирувчилар бандлиги каби кўрсаткичлар ҳисобга олинади.

Давлат гранти асосида ўқувчи талабалар учун ажратиладиган маблағларни шакллантиришда ҳам янги ёндашувлар қўлланилади. Таълим йўналишининг мураккаблиги, меҳнат бозори эҳтиёжлари, университет рейтинги ва ҳудудий омиллар муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, илмий тадқиқотларни молиялаштириш тизими ҳам янгиланади. Давлат дастурлари доирасидаги маблағларнинг камида 50 фоизи устувор йўналишларга йўналтирилиб, лойиҳалар халқаро экспертлар иштирокида сараланади.

Теглар

Мавзуга оид