
Ўзбекистонда 100 мингта янги Cobalt 2,5 соатда сотилди
UzAuto Motors компанияси 3 ноябр куни янги Chevrolet Cobalt автомобилларини сотишни бошлади. Бор-йўғи 2 соат 26 дақиқада 100 мингта машина учун шартнома тузилди, уларнинг 99 фоиздан ортиғини жисмоний шахслар харид қилди.

UzAuto Motors матбуот хизматининг маълум қилишича, янги Chevrolet Cobalt автомобиллари учун онлайн контрактация 3 ноябр куни соат 10:00 да бошланган. Бор-йўғи 2 соат 26 дақиқада мижозлар 100 мингта шартнома тузишга улгурган.
Шулардан 99 493 таси жисмоний шахслар томонидан OneID орқали авторизация қилиниб расмийлаштирилган бўлса, 507 шартнома юридик шахслар ҳиссасига тўғри келди.
Контрактациянинг илк соатидаёқ 53 911 та шартнома имзоланган, соат 11:50 га келиб эса мижозлар сони 88 мингдан ошган. Шу вақт ичида компаниянинг колл-марказига 876 та қўнғироқ келиб тушган.
UzAvtoSavdo сайти икки соат давомида 230 мингдан зиёд фаол сессияни қайта ишлади, шулардан илк соатда 1 сонияда 1180 тагача янги сессия рўйхатдан ўтган. Шу билан бирга, тизим 560 та киберхужумни ҳам қайд этган.
Янги автомобилларнинг тўлови шартнома тузилганидан сўнг 7 календарь куни ичида амалга оширилиши лозим.
Chevrolet Cobalt’нинг янги MCM модификациясида 50 дан ортиқ асосий қисм янгиланган. Улар орасида мотор бошқарув блоги, газ тақсимлаш тизими, антиблокировкалаш тизими (ABS), круиз-контрол ва CarPlay ҳамда Android Auto’ни қўллаб-қувватловчи мультимедиа тизими мавжуд.
UzAuto Motors маълумотига кўра, янги партияни сотиш ортидан автосалонлардаги талотўпнинг олдини олиш мақсадида барча шартномалар фақат онлайн режимида қабул қилинган. Дилерлик марказлари эса вақтинча ёпилган ва савдо тизимидан узиб қўйилган.
Компания октябрдан бошлаб шартномаларга махсус QR-кодлар жорий этган — улар орқали харидорлар ўз маълумотлари, сотувчи дилер ҳақидаги маълумот ва тўлов ҳолатини онлайн текшириши мумкин.





