Ўзбекистонда 12 балл жарима тўплаган биринчи ҳайдовчи аниқланди

Бугун 17:501 дақиқа

Ўзбекистонда жарима баллари тизими доирасида 12 балл тўплаган илк ҳайдовчининг иши судга юборилди, у ҳайдовчилик ҳуқуқидан маълум муддатга маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистонда 12 балл жарима тўплаган биринчи ҳайдовчи аниқланди

Ўзбекистонда жарима баллари тизими жорий этилганидан сўнг илк бор 12 балл тўплаган ҳайдовчи аниқланди ва унинг иши судга оширилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, мазкур ҳайдовчи бир йил давомида 12 балл тўплаган. Амалдаги тартибга кўра, бу ҳолат ҳайдовчилик гувоҳномасини суд орқали бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Ҳайдовчининг ўзи тизимнинг амалда ишлашига аввал ишонмаганини, аммо расмий маълумотлар билан танишгач, унинг ҳақиқатда қўлланилаётганига ишонч ҳосил қилганини билдирган.

ЙҲХХ маълумотига кўра, ҳозиргача республика бўйлаб яна 11 нафар ҳайдовчига нисбатан 8 баллдан 10 баллгача жарима баллари ҳисобланган.

Уларнинг беш нафари Тошкент шаҳрида, уч нафари Сурхондарё вилоятида, қолганлари эса Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятида қайд этилган.

Жарима баллари тизими 2025 йил 1 июндан бошлаб жорий этилган. Дастлаб йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан тузилган баённомалар асосида баллар ҳисобланган.

2026 йил 1 апрелдан эса автоматик камералар орқали аниқланган қоидабузарликлар учун ҳам баллар қўшила бошлади. Улар орасида светофорга бўйсунмаслик, тезликни ошириш ва қарши йўналишда ҳаракатланиш каби қоидабузарликлар бор.

Тизимга кўра, ҳайдовчи 8 баллга етганда SMS орқали огоҳлантирилади, 12 баллдан ошганда эса ҳайдовчилик ҳуқуқи суд тартибида бекор қилинади ва уни қайта тиклаш учун қайта ўқиш ҳамда имтиҳон топшириш талаб этилади.

Теглар

Мавзуга оид