Logo

Ўзбекистонда 14 та халқаро молия институтига сўмда облигация чиқаришга рухсат берилди

Бугун 19:452 дақиқа

Улар Тошкент фонд биржасида миллий валютада облигациялар жойлаштириб, жалб қилинган маблағларни Ўзбекистондаги инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириши мумкин бўлади.

Ўзбекистонда 14 та халқаро молия институтига сўмда облигация чиқаришга рухсат берилди © uza

Ўзбекистон Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги (МИЯ) мамлакатда миллий валютада қимматли қоғозлар чиқариш ҳуқуқига эга бўлган халқаро молия институтлари рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълум қилди.

Тасдиқланган рўйхатга 14 та нуфузли халқаро молия ташкилоти киритилган. Улар орасида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ), Жаҳон банки гуруҳи институтлари, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда бошқа йирик халқаро молия институтлари бор.

Рўйхатдан жой олган ташкилотлар:

●     Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ);

●     Жаҳон банки;

●     Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (IBRD);

●     Халқаро молия корпорацияси (IFC);

●     Инвестицияларни кафолатлаш бўйича кўп томонлама агентлик (MIGA);

●     Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA);

●     Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (AIIB);

●     Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ);

●     Европа инвестиция банки (EIB);

●     Европа инвестиция жамғармаси (EIF);

●     Ислом тараққиёт банки (IsDB);

●     Европа Кенгаши тараққиёт банки (CEB);

●     Осиё тараққиёт банки (ОТБ);

●     Евросиё тараққиёт банки (ЕТБ).

Мазкур қарор 2025 йил август ойида тасдиқланган хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозларини рўйхатдан ўтказиш тартибига асосланган. Ушбу тартиб президентнинг ипотека бозори ва уй-жой қурилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Белгиланган қоидаларга кўра, рўйхатга киритилган халқаро институтлар Тошкент республика фонд биржасида сўмда облигациялар чиқариши ва жойлаштириши мумкин. Жалб этилган маблағлар фақат Ўзбекистон ҳудудидаги инвестиция ҳамда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Бундай облигациялар эмиссиясини давлат рўйхатидан ўтказиш аризалари соддалаштирилган тартибда 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Шунингдек, эмиссия шартларини олдиндан тасдиқлаш талаби бекор қилинган.

Қайд этилишича, мазкур облигацияларнинг муомала муддати 12 ойдан ошмайди. Ваколатли орган билан келишилган ҳолда улар соддалаштирилган тартибдаги биржа облигациялари шаклида ҳам чиқарилиши мумкин.

Vaqt.uz аввалроқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 40,5 млрд сўм миқдоридаги бирламчи ипотека облигациялари эмиссиясини давлат рўйхатидан ўтказгани ҳақида хабар берганди.

Теглар

Мавзуга оид