Ўзбекистонда 14 та янги «Яшил» техникум очилмоқда
Техникумларнинг энг иқтидорли ўқувчилари учун махсус «Эко-стипендия» жорий қилинади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган 14 та янги «Яшил» техникум фаолияти йўлга қўйилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорига асосан, 2030-йилга қадар ушбу таълим масканларида 10 минг нафар замонавий эко-кадрлар етиштириб чиқарилиши белгиланган.
Техникумларнинг энг иқтидорли ўқувчилари учун махсус «Эко-стипендия» жорий қилинади ва уларга ҳар ой камида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида стипендия тўланади.
Ўқувчилар табиат қўриқхоналари, ўрмон хўжаликлари ва ботаника боғларида реал амалиёт ўтайди. Олий таълимнинг юқори босқичларида амалий машғулотлар улуши 80 фоизгача етади.
Инглиз тилини яхши билган (B2) ва юқори баҳоларга ўқиган битирувчилар «Green University»нинг 2-босқичидан ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлади.
Таъкидланишича, бу ташаббус ёшлар учун янги иш ўринлари ва замонавий касбларни эгаллаш имкониятини яратади. Энг муҳими, мамлакат экологиясини асраб-авайлайдиган, табиат билан уйғун ишлай оладиган янги авлод мутахассисларини етиштириб беради.





