Ўзбекистонда 2000 га яқин дорининг нархи пасайтирилди

Бугун 17:152 дақиқа

2026 йил 1 мартдан рецепт билан бериладиган қарийб 2000 номдаги дори воситаларининг чакана нархи арзонлаштирилди.

Ўзбекистонда 2000 га яқин дорининг нархи пасайтирилди

2026 йил 1 мартдан бошлаб рецепт асосида бериладиган қарийб 2000 номдаги дори воситаларининг чакана нархлари пасайтирилди. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, истеъмолчилар дори воситаларини харид қилишдан олдин уларнинг белгиланган референт, яъни чекланган нархларини махсус рақамли платформалар орқали текшириб олишлари мумкин. Бунинг учун pharm.gov.uz сайти ҳамда «PharmUz» мобил иловасидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Мазкур хизматлар орқали фойдаланувчилар дори воситаларининг номи, ишлаб чиқарувчиси ва белгиланган чакана нархи ҳақидаги маълумотларни кўриши мумкин. Бу эса дорихоналарда дори воситаларининг сунъий равишда қиммат нархда сотилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Агар истеъмолчилар дори воситаси белгиланган референт нархдан юқори баҳода сотилаётганини аниқласа, «PharmUz» мобил иловасининг «Шикоятлар» бўлими орқали мурожаат қолдириш имкониятига эга. Келиб тушган мурожаатлар ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиб, қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўрилади.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай мурожаатлар дори воситалари нархини сунъий равишда ошириб сотиш ҳолатларини тезкор аниқлаш ҳамда бозорни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланувчи дорихоналарга белгиланган референт нархларга қатъий риоя қилиш талаби қўйилган. Агар дорихоналар дори воситаларини чекланган нархдан юқори баҳода сотгани аниқланса, бу лицензия талабларини бузиш деб баҳоланиши ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ лицензиянинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид