Ўзбекистонда 2030 йилгача венчур инвестициялар ҳажми 2 млрд долларга етказилади

14.02.2026 | 20:272 дақиқа

Президент қарорига кўра, мамлакатда 5 минг стартап ишга туширилиб, 2 минг ғоя тижоратлаштирилади.

Ўзбекистонда 2030 йилгача венчур инвестициялар ҳажми 2 млрд долларга етказилади © Фото: president.uz

Ўзбекистон 2030 йилгача 2 млрд доллар венчур инвестиция жалб қилиш ва амалга оширилаётган стартаплар сонини 5 мингтага етказишни режалаштирмоқда. Бу вазифалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Стартапларни қўллаб-қувватлаш комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилди.

Ҳужжатга кўра, 500 та стартап қиймати 1 млн доллардан, 100 та лойиҳа 10 млн доллардан, 25 та компания эса 100 млн доллардан юқори бизнесга айлантирилади. Янги стартаплар ишга туширилиши натижасида 20 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Ёшлар томонидан илгари сурилган 2 мингта ғоя тижоратлаштирилади, камида 400 та лойиҳа халқаро бозорларга чиқарилади. Бу орқали миллий инновацион маҳсулотлар экспорти кенгайиши кутилмоқда.

4 босқичли экотизим

Стартап ғоясини шакллантиришдан тортиб, уни ишга тушириш ва масштаблаштиришгача бўлган жараённи қамраб олган 4 босқичли экотизим жорий этилади. 2026 йил 1 апрелдан ягона электрон платформа ишга туширилиб, иштирокчилар учун харажатларни қоплаш механизми ишлайди.

Ўқув курслари, сертификат олиш, инкубация ва акселерация дастурларида қатнашиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 20 минг доллардан ошмаган қисми қоплаб берилади. Патентлаш ва товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ҳам компенсация қилинади.

Молиявий кўмак ва грантлар

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили 20 тагача стартап студияси ва акселерация марказига молиявий кўмак ажратилади. Бундай лойиҳаларга 5 млрд сўмгача, 1 йил имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга фоизсиз қарз берилади.

Инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш учун БҲМнинг 100 бараваригача грант тақдим этилади. Шу билан бирга, давлат харидларида иштирок этувчи муваффақиятли стартапларга 500 млн сўмгача шартномаларда 50 фоиз, ундан юқори харидларда 30 фоиз олдиндан тўлов белгиланган.

Ҳудудий қўллаб-қувватлаш ва инфратузилма

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Стартаплар клуби ташкил этилиб, ташаббускорлар билан мунтазам мулоқот йўлга қўйилади. Солиқ қарзи мавжуд бўлмаган ва хавфи паст деб баҳоланган стартапларга хорижда корхона очиш учун йилига 500 минг долларгача маблағни эркин ўтказишга рухсат берилади.

2027 йилдан тадқиқот ва ишланмалар марказлари босқичма-босқич ташкил этилади. Улар замонавий лаборатория ва ускуналар билан жиҳозланиб, технопарклар ва олий таълим муассасалари негизида фаолият юритади. Нурафшон шаҳрида алоҳида тадқиқот хаби очилиши режалаштирилган. Шунингдек, ҳар йили «Стартап-экспо» кўргазмаси ўтказилиб, лойиҳалар инвесторларга тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу қарор билан «Энг яхши стартап ғояси», «Энг яхши инновацион ғоя» танловлари ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, ёш тадбиркорлар ўртасида «Ёш тадбиркорлар чемпионати» ўтказилади.

Теглар

Мавзуга оид