
Ўзбекистонда 4 йилда халқаро интернетга уланиш қуввати 5 000 Гбит/секундга етади
Ўзбекистонда рақамли инфратузилма кучайтирилиб, интернет тезлиги ва IT экспорти бир неча баробар оширилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон 2030 йилга қадар халқаро интернетга уланиш ўтказиш қувватини 5 000 Гбит/секундга етказишни мақсад қилмоқда. Бу режалар жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланиб, рақамли инфратузилма ва IT соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йилда 4 500 Гбит/с бўлган халқаро интернет қуввати кейинги йилларда босқичма-босқич оширилади. Шу билан бирга, оптик толали линиялар ва кенг полосали маълумот узатиш тармоқлари билан қамров 98,2 фоиздан 99,9 фоизгача кенгайтирилади. Бу интернет сифатини яхшилаш ва барқарор алоқани таъминлашга хизмат қилади.
Паст тезликка эга интернет тариф режалари ҳам янгиланади. Уларнинг ўтказиш тезлиги ўн бараварга оширилиб, 2026 йилдаги 13 Мбит/с кўрсаткич 2030 йилга келиб 20 Мбит/с’га етказилади. Бу аҳоли ва бизнес учун рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Стратегия телекоммуникация соҳасида йиллик ўсиш суръатини 9,2 фоиздан 15 фоизгача оширишни назарда тутади. Шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси 87 баллдан 94 баллга кўтарилиши кутилмоқда.
Рақамли хизматлар экспорти 2026 йилдаги 1 миллиард доллардан 2030 йилга келиб 5 миллиард долларгача оширилади. Бу жараёнда IT-парк асосий драйвер сифатида белгиланган. Унинг резидентлари сони 3,5 мингтадан 7,5 мингтагача кўпайиб, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 1,5 фоизга етказилади.
Шунингдек, стартапларни қўллаб-қувватлаш орқали 2027 йилда илк миллий «юникорн» компанияни яратиш, 2030 йилгача эса 2 мингдан ортиқ стартапни ривожлантириш режалаштирилган.





