
Ўзбекистонда 9 ойда 11,1 млн метр квадрат турар-жойлар фойдаланишга топширилди
Ҳудудлар бўйича энг кўп янги уйлар Тошкент, Наманган, Бухоро ва Андижон вилоятларида фойдаланишга топширилган.

Миллий статистика қўмитасига кўра, Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида жами 11,1 млн квадрат метр турар-жойлар фойдаланишга топширилган. Бу натижа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент вилоятига тўғри келди. У ерда 1 млн 435,2 минг квадрат метр турар-жой фойдаланишга қабул қилинган. Андижон (1 млн 89,3 минг метр квадрат) ва Наманган (1 млн 127,8 минг метр квадрат) вилоятлари ҳам юқори суръатларни намоён қилди. Бухоро вилоятида ҳам кўрсаткич 1 млн 216 минг квадрат метрга етди.
Сурхондарё (983,5 минг метр квадрат) ва Хоразм (984,1 минг метр квадрат) вилоятларида ҳам сезиларли ҳажмда турар-жойлар фойдаланишга топширилган. Фарғона вилоятида ушбу кўрсаткич 956,7 минг квадрат метрни ташкил этди. Қорақалпоғистон Республикасида эса 669,2 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга берилган.
Айрим ҳудудларда кўрсаткич нисбатан паст бўлган. Жумладан, Жиззах вилоятида фойдаланишга топширилган турар-жойлар майдони 434,0 минг квадрат метрни, Навоийда 551,1 минг квадрат метрни, Қашқадарёда эса 682,6 минг квадрат метрни ташкил этган. Сирдарё вилояти энг паст кўрсаткичга эга бўлиб, 90,2 минг квадрат метр турар-жой фойдаланишга топширилган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 578,3 минг квадрат метрни ташкил этган.
Маълумот учун, 2025 йил 1 январ ҳолатида республикада квартиралар сони қарийб 7,6 миллионга этиб, ўтган йилга нисбатан 92,5 мингтага ошган. Шунингдек, 2025 йил бошида кўп квартирали уйлар сони 46 476 тага етди.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонда 35,4 трлн сўмлик якка тартибдаги уй-жой қуриш ишлари бажарилган.





