
Ўзбекистонда 9 ойда 8,4 млн тонна дон маҳсулотлари етиштирилди
Ҳудудлар бўйича Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари дон етиштиришда етакчилик қилмоқда.

Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида республика бўйлаб барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 8,4 миллион тонна дон ва дуккакли дон етиштирилган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11,2 фоиз ўсишни кўрсатади.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида энг кўп Фарғона вилоятида 956 минг 263 тонна ҳосил йиғиб олинди. Қашқадарё вилояти 880 минг 946 тонна билан иккинчи ўринни, Самарқанд вилояти 859 минг 133 тонна билан учинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида 826 минг 549 тонна, Жиззах вилоятида 709 минг 198 тонна, Андижон вилоятида эса 655 минг 594 тонна дон маҳсулоти етиштирилди. Тошкент вилоятида 603 минг 807 тонна, Бухорода 632 минг 399 тонна, Наманганда 629 минг 974 тонна ҳосил олинган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида 255 минг 146 тонна, Навоий вилоятида 285 минг 428 тонна ва Хоразм вилоятида 577 минг 818 тонна дон йиғиб олинди. Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 534 минг 560 тоннани ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг 9 ойида мамлакатда 9,9 миллион тонна сабзавот етиштирилгани ҳақида хабар қилинган эди.





