
Ўзбекистонда 9 ойда қарийб 10 млн тонна сабзавот етиштирилди
Самарқанд ва Андижон вилоятлари сабзавот етиштиришда мамлакатда энг юқори улушни қайд этди.

Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 9,9 млн тонна сабзавотлар етиштирилди.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида сабзавот етиштириш ҳажми бўйича энг юқори улушни ҳар бири 1,4 млн тонна билан Андижон ва Самарқанд вилоятлари қайд этди.
Кейинги ўринларни Фарғона (1,1 млн тонна), Сурхондарё (1,1 млн тонна) ва Тошкент (1 млн тонна) вилоятлари эгаллади. Шунингдек, Бухоро вилоятида 939 495 тонна, Наманган вилоятида 719 068 тонна, Қашқадарё вилоятида 539 570 тонна, Хоразм вилоятида 491 698 тонна, Жиззах вилоятида 371 010 тонна сабзавотлар етиштирилди.
Республика ҳудудида сабзавот етиштириш бўйича энг паст улуш 854 тонна билан Тошкент шаҳрига тўғри келди.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистондан хорижга қиймати қарийб 1,5 млрд долларлик 1,6 млн тонна мева-сабзавотлар экспорт қилди.





