
Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay тизимлари ишга тушади
Ўзбекистонда илк бор Apple Pay ва Google Pay халқаро тўлов тизимлари жорий этилади. Бу мамлакатда рақамли иқтисодиёт ва финтех бозорини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay халқаро тўлов тизимларини жорий этиш режаси амалга оширилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтондаги амалий ташрифи доирасида хабар берилди.
Давлат раҳбари АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари вакиллари билан учрашувда мамлакатда рақамли тўлов инфратузилмасини кенгайтириш режаларини муҳокама қилди. Ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay хизматларини расман ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Рақамли академия ва стартап-хаблар тармоғини ташкил этиш, инновацион ғояларни молиялаштиришда DFC ва АҚШ Эксимбанки иштирокини таъминлаш режалаштирилган. Бу орқали халқаро техногигантлар билан ҳамкорликда янги лойиҳалар амалга оширилади.
Apple Pay ва Google Pay тизимларини Ўзбекистонда жорий этиш масаласи 2024 йилдаёқ кун тартибига қўйилганди. Вазирлар Маҳкамаси топшириғига кўра, Марказий банк, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Туризм қўмитаси Apple Pay, Google Pay, PayPal, Alipay ва UniPay каби платформалар билан музокаралар олиб бориши керак эди.
Шунингдек, бу жараёнда миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш таклифлари тайёрланиши белгиланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ёзида TBC Bank Uzbekistan бош директори Ника Курдиани Apple Pay ва Google Pay хизматлари ҳозирча Ўзбекистонда фаолият бошлай олмаётганини маълум қилганди. Унинг айтишича, бу ҳолат булутли хизматларни чекловчи шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун билан боғлиқ бўлган. Янги музокаралар натижасида бу тўсиқлар босқичма-босқич бартараф этилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, бу тизимлар Ўзбекистонда ишга тушиши билан мамлакатда тўлов жараёнлари янада хавфсиз ва қулай бўлади. Хорижий онлайн хизматлар учун тўлов имкониятлари кенгаяди, туристлар учун эса ҳисоб-китоб қилиш осонлашади. Шу билан бирга, маҳаллий банклар инфратузилмаси янгиланиб, рақамли иқтисодиёт ривожига янада туртки беради.





