
Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги корхоналар сони маълум қилинди
Америка инвестицияси иштирокидаги корхоналарнинг энг катта қисми Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.

Аввалроқ 2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокида жами 17 минг 900 та корхона фаолият юритаётгани ҳақида хабар бергандик.
Шундан АҚШ капитали иштирокида 336 та корхона фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур корхоналарнинг 146 таси қўшма корхона, 190 таси эса тўлиқ хорижий капитал иштирокидаги корхоналар ҳисобланади. Бу ҳолат АҚШ сармоядорларининг Ўзбекистон бозорига турли форматларда кириб келаётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Америка капитали иштирокидаги корхоналарнинг мутлақ кўпчилиги Тошкент шаҳрида жамланган. Пойтахтда бундай корхоналар сони 237 тани ташкил этган. Бу эса инфратузилма, логистика имкониятлари ҳамда бизнес муҳитнинг нисбатан ривожлангани билан изоҳланади.
Иккинчи ўринда Тошкент вилояти жой олган бўлиб, бу ҳудудда 31 та АҚШ капитали иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд вилоятида эса 19 та шундай корхона қайд этилган. Ушбу ҳудудлар саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги лойиҳалар учун жозибадор ҳисобланади.
Қолган ҳудудларда кўрсаткичлар нисбатан паст. Хусусан, Бухоро вилоятида 8 та, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида 6 тадан, Фарғона ва Жиззах вилоятларида 5 тадан корхона мавжуд. Андижон ва Сирдарё вилоятларида 4 тадан, Наманган ва Хоразм вилоятларида 3 тадан корхона фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, Сурхондарё вилоятида эса 1 та АҚШ капитали иштирокидаги корхона рўйхатга олинган.

