Logo

Ўзбекистонда балиқ етиштириш ҳажми 500 тоннадан оширилади

Бугун 17:132 дақиқа

Ўзбекистонда балиқчилик соҳасини тубдан модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Президент 2027 йилгача балиқ етиштириш ҳажмини икки баравардан кўпроқ ошириш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистонда балиқ етиштириш ҳажми 500 тоннадан оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда соҳани замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва аҳолини арзон оқсил манбаи билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2025 йилда 206 минг тонна балиқ етиштирилган. Мамлакат Марказий Осиёда балиқ етиштириш бўйича етакчи ўринни эгаллаб турибди. Шу билан бирга, мутахассислар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилса, ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баробар ошириш мумкинлигини таъкидлаган.

Интенсив технологияларга ўтиш


Тақдимотда 329 та табиий сув ҳавзаси ва сув омбори ҳамда улар атрофидаги 163 минг гектар ер майдонларини ижарага беришнинг янги шаффоф тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Шунингдек, интенсив балиқчилик ва наслчилик хўжаликларини сув билан кафолатли таъминлаш чоралари белгиланди.

Ҳозирда интенсив усулда балиқ етиштириш умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизидан кам қисмини ташкил этади. Ваҳоланки, мазкур технологиялар ҳосилдорлик ва даромадни бир неча баравар ошириш имконини беради.

Шу муносабат билан ёпиқ сув айланма тизимларини жорий этиш, наслли она балиқлар импорт қилиш ва қуёш панеллари ўрнатиш учун субсидиялар ажратиш режалаштирилган.

Илм-фан ва рақамлаштиришга таянилади


Соҳада наслчилик ишларини кучайтириш, карп, лаққа, форель ва осётр каби турларнинг генетик салоҳиятини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Оҳангарон дарёси бўйида Балиқчилик илмий-тадқиқот институти учун тажриба-синов майдони ташкил этилади.

Шунингдек, келгуси йилдан тоғ олди ҳудудларида форель ва осётр етиштириш қувватлари яратилади. Сувдан фойдаланиш, ер майдонлари, солиқлар ва балиқ маҳсулотлари ҳаракатини кузатувчи ягона электрон платформа ишга туширилиши, соҳага сунъий интеллект технологиялари кенг жорий қилиниши режалаштирилган.

Президент мутасаддиларга балиқчиликни замонавий технологиялар, илмий ёндашув ва самарали бошқарув асосида ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда аҳолини сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид