add

Ўзбекистонда банк активлари 866,8 трлн сўмга етди

27.10.2025 | 09:551681

Марказий банк маълумотларига кўра, тижорат банклари активлари 2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра 866,8 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга, реал ҳисобда эса 20 фоизга кўпдир.

Ўзбекистонда банк активлари 866,8 трлн сўмга етди

Ўзбекистон банк тизими барча асосий кўрсаткичлар бўйича барқарор ўсишни намоён этмоқда. Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йил 1 октябр ҳолатига тижорат банкларининг жами активлари 866,8 трлн сўмга етган. Бу кўрсаткич бир йил ичида 17 фоизга ўсган бўлса, инфляция таъсири ҳисобга олинганда реал ўсиш 20 фоизни ташкил этди.

Жами активлар таркибида 332,9 трлн сўм ёки 38 фоиз хорижий валютадаги маблағларга тўғри келади. Бу кўрсаткич ўтган йили 43 фоизни ташкил этган эди, яъни валютали активлар улушининг камайиши банк секторининг долларсизлаштириш жараёнини акс эттиради.

Кредит портфели йил давомида 515,6 трлн сўмдан 582,2 трлн сўмгача ошди. Шу жумладан, 228,7 трлн сўм (39 фоиз) хорижий валютада берилган кредитлардир. Номинал ўсиш 13 фоизни, реал ҳисобда эса 15 фоизни ташкил этди.

Банк тизимидаги депозитлар ҳажми ҳам жадал ўсиб, 286,9 трлн сўмдан 371,5 трлн сўмга етди. Бу йиллик 29 фоиз (реалда 31 фоиз) ўсиш демакдир. Улардан 83,7 трлн сўм ёки 23 фоиз хорижий валютада жойлаштирилган бўлиб, ўтган йилги 27 фоиздан камайган.

Банклар жами капитали 130,4 трлн сўмни ташкил этди ва йил давомида 19 фоизга ўсди. Марказий банкнинг таъкидлашича, активлар, кредитлар ва депозитлар бўйича ўсиш банк тизимининг барқарорлигини ҳамда иқтисодиётдаги ликвидликни таъминлаб турибди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда банк активлари 866,8 трлн сўмга етди | Vaqt.uz