Ўзбекистонда банк карталари сони илк марта 70 млн донадан ошди
Апрел ойида банкоматлар ва терминаллар сони бироз ўсган бўлсада, банк карталари сони сезиларли кўпайди.
© vaqt.uzАпрел ойида Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони илк марта 70 млн донадан кўпайди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлди.
Ой давомида банк карталари сони 4,3 фоизга ёки қарийб 3 млн донага ошди. Натижада карталарнинг умумий сони 72,7 миллионтага етди.
Карталар ўсишига асосий таъсирни Tenge bank (+715 минг), TBC bank (+673 минг), Халқ банки (+363 минг), Hamkorbank (+317 минг) ва Uzum Bank (+273 минг) кўрсатди.
Asaka bank (-36,5 минг), Garant bank (-13,0 минг) ва Orient Finans bank (-5,3 минг) томонидан чиқарилган карталар сони эса камайди.
Карталар сони бўйича Халқ банки ҳамон катта фарқ билан етакчилик қилмоқда.

Апрелда банклар ўрнатган тўлов терминаллари сони 1,5 мингтага ошиб, деярли ўзгармасдан қарийб 444 мингтани ташкил қилди.
Шунга қарамай, Hamkorbank (+3 003), Aloqabank (+840), Turonbank (+528) ва Халқ банкининг (+523) терминаллари сезиларли кўпайган бўлса, Agrobank (-5 090), Ipoteka-bankда (-545) кескин пасайиш кузатилди.
Банкоматлар сонида ҳам ўсиш қайд этилди. Ой давомида уларнинг сони 736 тага кўпайиб, 45,5 мингтани ташкил қилди.
Энг катта ўсиш Uzum Bank (+43), Миллий банк (+24), Universal bank (+14), Asaka bankда (+8) содир бўлди. Энг катта пасайиш эса Kapitalbank (-43) ва Микрокредитбанкда (-29) қайд этилди.
Терминаллар орқали тушумлар кескин ошди
Апрел ойида тўлов терминаллари орқали тушумлар сезиларли ўсиб, 48,4 трлн сўмга етди. Аввалги учта ойда бу кўрсаткич ўртача 43 трлн сўмдан бўлиб келаётган эди.
Шу тариқа, 1 май ҳолати бўйича тўлов терминаллари орқали тушумлар 177,5 трлн сўмни ташкил қилмоқда.
Терминаллар орқали тушумлар ва банк карталари сони апрел ойида сезиларли ошишига қисман 1 апрелдан нақдсиз тўловлар тизими йўлга қўйилгани сабаб бўлиши мумкин.
Теглар






