Ўзбекистонда банк картасини мобил иловага бириктириш ва пул ўтказиш тартиби ўзгаради
22-апрелдан мобил иловалар ёки банк карталарига бириктирилган телефон рақами ўзингизга тегишли бўлмаса, белгиланган муддатдан кейин ушбу рақам орқали иловадан фойдаланиш имкони чекланади.

Жорий йил 22-апрелдан бошлаб мобил иловадан фойдаланиш учун унга уланган телефон рақами ҳам ўша шахс номида бўлиши керак. Бу ҳақда Марказий банк Бошқарувининг 2026-йил 21-январда Адлия вазирлигидан 3759-рақам билан рўйхатдан ўтган янги Низомида келтирилган.
Қайд этилишича, агар бундай мослик аниқланмаса, мобил иловада рўйхатдан ўтказишга ҳамда банк картасини бириктиришга йўл қўйилмайди. Тизимда мослик аниқланмаса, банк ёки тўлов ташкилоти фойдаланувчини рўйхатдан ўтказишни рад этади ва бу ҳақда СМС-хабарнома орқали маълум қилади.
Фойдаланувчи тизимда рўйхатдан ўтгандан сўнг мобил иловадаги ҳисобга олиш ёзувига (аккаунтга) логин ва паролни қайтадан териб, телефон рақамига юборилган OTP кодни киритган ҳолда аутентификациядан ўтиш таъминланади.
Шунингдек, фойдаланувчи тизимда рўйхатдан ўтгандан сўнг, унинг фаол сессияси аккаунтдан чиқариб юборилади. Банк картасини мобил иловага бириктириш жараёни эса алоҳида ОТП-кодни киритиш ва мажбурий биометрик идентификациядан (юзни сканерлаш) ўтиш орқали амалга оширилади.
Низомга кўра, хавфсизликни таъминлаш мақсадида бир қатор қатъий чекловлар ўрнатилади:
Унга кўра, тасдиқлаш кодлари камида 6 та белгидан (лотин ҳарфлари ва рақамлар) иборат бўлиши, амал қилиш муддати 59 сониядан ошмаслиги шарт. Агар код 3 маротаба нотўғри киритилса, у ўз кучини йўқотади ва фойдаланувчининг ҳаракатлари 15 дақиқага чекланади.
Тизимга бошқа қурилмадан кирилганда ёки пароль тикланганда, ушбу аккаунтга боғланган барча банк карталари иловадан автоматик тарзда чиқариб юборилади ва молиявий амалиётлар тарихи ўчирилади. Мобил иловада рўйхатдан ўтган фойдаланувчи ҳисобга олиш ёзувига (аккаунтга) фақат ушбу шахсга (яқин қариндошларни истисно қилган ҳолда) тегишли бўлган банк ҳисобварағи, банк картаси ва электрон ҳамёнларни бириктиришга ҳамда ушбу ҳисобга олиш ёзуви (аккаунт) орқали жисмоний шахслар ўртасида нақд пулсиз ўтказмаларни (бундан буён матнда П2П ўтказмалар деб юритилади) амалга оширишга рухсат берилади. Бунда, яқин қариндошларга қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари киради.
Шунингдек, фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида веб-сайтлар орқали картадан картага (P2P) пул ўтказмаларини амалга ошириш тўхтатилади. Барча ўтказмалар фақат мобил иловалар орқали ва ОТП-код билан тасдиқланган ҳолда бажарилади.
Бундан ташқари, банклар ва тўлов ташкилотлари масофавий идентификацияда «ҳаётийлик факторини» (liveness detection) аниқлайдиган тизимлардан фойдаланиши шарт этиб белгиланди. Бу тизим юз тасвири ҳақиқий инсонга тегишли эканлигини реал вақт режимида текширади.





