Ўзбекистонда чироқ ўчмаслиги учун қандай чоралар кўриляпти?

Бугун 20:222 дақиқа

Президент Шавкат Мирзиёев соҳани ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди.

Ўзбекистонда чироқ ўчмаслиги учун қандай чоралар кўриляпти? © Foto: president.uz

Ўзбекистонда 2032 йилгача умумий қиймати 5,8 миллиард доллар бўлган 73 та истиқболли гидроэнергетика лойиҳаси амалга оширилади. Бу чора-тадбирлар натижасида қўшимча 3,6 гигаватт қувват яратилиши ва энергия тизимининг ёқилғи ресурсларига боғлиқлиги камайиши кутилмоқда. Бу ҳақда 29 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган тақдимот билан танишганда маълум қилинди.

Йиғилишда таъкидланишича, мамлакатнинг гидроэнергетика салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида ҳар бир дарё, сой ва каналларда янги қувватлар жадал ишга туширилади.

Режага кўра, жорий йилнинг ўзида умумий қуввати 114 мегаватт бўлган 13 та ГЭС фойдаланишга топширилади. Йирик лойиҳалар доирасида Бўстонлиқ туманида қуввати 160 мегаватт бўлган «Юқори Пском ГЭС» барпо этилади ва у 161 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлайди. Шунингдек, Сўх туманида «миллий лойиҳа» тамойили асосида 15 мегаваттли станция қурилиши белгиланган. Юқори Тўпаланг ҳудудида эса 42 та кичик ГЭС қуриш орқали 541 мегаватт қувват яратиш имконияти кўриб чиқилди.

Соҳада илк бор энергияни сақлаш ва қайта тақсимлаш имконини берувчи, умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган 3 та гидро тўплаш электр станцияси қурилади. Бундан ташқари, республика бўйлаб 2983 та кичик ва микро ГЭСлар барпо этилиши натижасида қўшимча 164 мегаватт қувват олинади.

Янги лойиҳаларда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланилади. Сув омборлари ва иншоотларда сув сатҳи, ҳажми ва ишлаб чиқариш жараёнларини онлайн кузатиш имконини берувчи рақамли мониторинг тизимлари босқичма-босқич жорий этилади.

Маълумот ўрнида, 2017 йилда Ўзбекистонда гидроэлектр станциялар сони 36 та бўлган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 100 тага етказилган. Ҳозирда соҳанинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 10-12 фоизни ташкил этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда чироқ ўчмаслиги учун қандай чоралар кўриляпти? | Vaqt.uz