
Ўзбекистонда деҳқон хўжаликлари сони 422 мингтадан ошди
Ҳудудлар бўйича фаолият юритаётган деҳқон хўжаликларининг катта қисми Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларига тўғри келмоқда.

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжаликларининг умумий сони 422 309 тани ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида Андижон вилояти 68 103 та деҳқон хўжалиги билан мамлакат бўйича энг юқори натижани қайд этди. Иккинчи ўринда 50 693 та хўжалик билан Самарқанд вилояти турибди.
Учинчи ўрин Хоразм вилоятига тўғри келиб, бу ерда 44 353 та деҳқон хўжалиги фаолият юритмоқда. Шунингдек, Фарғона вилоятида 42 823 та, Наманганда 39 739 та, Қашқадарёда 34 353 та хўжалик рўйхатга олинган. Бухоро вилоятида 29 815 та, Сурхондарёда 28 675 та, Тошкент вилоятида эса 23 780 та деҳқон хўжалиги мавжуд.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятида 20 630 та, Қорақалпоғистон Республикасида 14 478 та, Сирдарё вилоятида 13 370 та ҳамда Навоий вилоятида 11 457 та деҳқон хўжалиги қайд этилди. Тошкент шаҳрида эса деҳқон хўжаликлари сони 40 тани ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ январ-сентябр ойларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги 9 ойда 4 фоизга ўсиб, қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчилик маҳсулотлари ва хизматларининг умумий ҳажми 366 216 млрд сўмга етгани маълум қилинганди.





