Ўзбекистонда электр энергияси қимматлиги ҳақидаги фикрни Энергетика вазирлиги рад этди

Бугун 15:472 дақиқа

Вазирликка кўра, Ўзбекистондаги электр энергияси нархлари жаҳондаги энг арзон кўрсаткичлардан бири бўлиб, аҳоли ўртасида тарифлар аввалдан юқори бўлгани ҳақидаги қарашлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ўзбекистонда электр энергияси қимматлиги ҳақидаги фикрни Энергетика вазирлиги рад этди © Shutterstock

«UzReport TV» каналининг «Ҳуқуқий нигоҳ» кўрсатуви журналисти Севара Ўринбоева Энергетика вазирлиги масъулларидан Ўзбекистонда энергия тарифлари шусиз ҳам юқори бўлгани ҳолда нима учун яна оширилганини сўради.

Вазирлиги бош мутахассиси Насибулла Муҳаммаджонов саволга жавоб берар экан, мамлакатдаги энергия нархлари дунёдаги энг арзон топ-20 давлатлар қаторига киришини айтди.

«Мен бу фикрни маълум маънода нотўғри деб ҳисоблайман. Чунки globalelectric.org сайтига кириб кўрсангиз, Ўзбекистондаги энергия нархлари дунёдаги энг арзон топ-20 давлатлар қаторига киришини кўрасиз. Яъни бизда, Ўзбекистонда электр энергиясининг ўртача нархи 4-5 центни ташкил қилади. Халқимизнинг „шунсиз ҳам юқори эди, яна оширилди“ деган фикрини тўғрилаш учун бунга тўғри изоҳ бериш керак», — деди у.

photo_2026-05-31_15-48-04

Электр энергияси таннархи қандай шаклланади?

Насибулла Муҳаммаджоновга кўра, электр энергиясининг нархи қуйидаги учта асосий харажатдан иборат:

• Иссиқлик электр станцияларида (ИЭС) ёнилғи сарфи ва энергия ишлаб чиқариш харажатлари.

• Энергияни «А» нуқтадан «Б» нуқтагача етказиб бериш, яъни транспортировка харажатлари.

• Трансформатор пунктлари, подстанциялар ва линияларга хизмат кўрсатиш харажатлари.

Шунингдек, у ҳозирги кунда аҳолига базавий меъёр доирасида берилаётган электр энергиясининг сотиш нархи уни ишлаб чиқариш таннархидан анча арзон эканлиги, ўртадаги ушбу фарқ эса давлат бюджети томонидан қоплаб берилаётганини таъкидлади.

Тадбиркорларга узилишлар учун компенсация тўланадими?
Подкаст давомида электр таъминотидаги узилишлар сабабли тадбиркорларнинг маҳсулоти бузилганда компенсация тўланиши масаласига ҳам ойдинлик киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарорига асосан, истеъмолчиларга (тадбиркорларга) электр тармоғига уланишдан олдин техник шартлар берилади. Унга кўра:

• Иккинчи тоифадаги истеъмолчилар учун бир-биридан мустақил иккита алоҳида тармоқ тортилган бўлиши керак.

•Корхонада қўшимча дизел генератори захира сифатида туриши шарт.

photo_2026-05-31_15-48-11

Агар корхонада захира тармоқ ёки генератор бўлмаса ва техник шарт талаблари бажарилмаса, «Ўзэнергоинспекция» томонидан уларни тармоққа улашга рухсат берилмайди. Авария ҳолатларида объект автоматик равишда иккинчи тармоққа ўтиши белгиланган. Агар бу амалга ошмаса, узилишлар тадбиркорнинг техник шартларга амал қилмаслик оқибати сифатида баҳоланади.

Теглар

Мавзуга оид