Ўзбекистонда энг кўп пенсионерлар қайси ҳудудда яшайди?
Жорий йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, мамлакатда пенсионерлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоизга кўпайган.
© wildernesstravel.comЎзбекистонда энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида яшайди ва у ерда ҳар саккизинчи киши пенсия олади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг ҳисоботида келтирилган.
2026-йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, республика бўйича 4 миллион 361 минг 432 киши пенсия олади. Бошқача айтганда улар умумий аҳолининг тахминан 11 фоизини ташкил қилади, яъни ҳар 100 кишидан тахминан 11 нафари пенсия олади. Улар орасидан 3 миллион 617 минг 889 нафари ёшга доир (умумий пенсионерларнинг қарийб 83 фоизи), 482 минг 243 нафари ногиронлик (11 фоиз), 261 минг 300 нафари боқувчисини йўқотганлик (6 фоиз) пенсиясини олади.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пенсионерлар сони 158 минг 897 (+3,8 фоиз) нафарга кўпайган. Шундан, ёшга доир пенсия 139 минг 940 (+4,0 фоиз) нафарга, боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия олувчи оилалар 12 минг 224 (+4,9 фоиз) ва ногиронлик пенсиялари 6733 (+1,4 фоиз) нафарга ошган.
Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори 1 миллион 688 минг сўм, энг ками эса 878 минг сўм.
Ҳудудлар кесимида пенсия олувчилар

Тўртта ҳудуд — Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё — жами пенсионерларнинг 41 фоизини қамрайди. Энг кичик кўрсаткич Сирдарё вилоятида (111 минг 319) — Фарғонадан 4,6 баравар кам. 2026-йил 1-июль ҳолатига ҳудудлар бўйича пенсия олувчилар сонида энг юқори ногиронлик пенсиясини олувчилар улуши Навоий вилоятида — 18,2 фоиз, Сирдарё вилоятида — 17,7 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида — 15,3 фоиз.
1-июлдан пенсия ва нафақалар оширилди. Унга кўра, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 983 минг сўмни, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори ойига 1 миллион 83 минг сўмни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даври 5 йилдан 20 йилгача узайтирилиши мумкинлиги айтилганди.





