
Ўзбекистонда фаолият юритaётган корхоналар сони қарийб 466 мингтага етди
Мамлакатдаги корхона ва ташкилотларнинг қарийб 85 фоизини кичик бизнес ва микрофирмалар ташкил этмоқда.

2025 йил 1 ноябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 465,9 мингта корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, фаолият кўрсатаётган корхоналар орасида 395,8 мингта субъект ёки 84,9 фоиз улуш кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келади.
Фаолият юритувчи корхоналар сони бўйича ҳар доимгидек Тошкент шаҳри пешқадам бўлиб, у ерда 106 944 та субъект мавжуд. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 45 197 та, Самарқанд вилояти — 40 147 та, Фарғона вилояти — 37 466 та ва Қашқадарё вилояти — 29 835 та корхона билан қайд қилинган.
Маълумот ўрнида, 2025 йил 1 ноябр ҳолатида мамлакатда 399,8 мингта тижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий қисмини, яъни 313 мингтасини масъулияти чекланган жамиятлар ташкил этади.
Шунингдек, 46 776 та хусусий корхона (11,7 фоиз), 36 161 та оилавий корхона (9 фоиз), 632 та акциядорлик жамияти (0,2 фоиз) ва 3 199 та бошқа тоифадаги ташкилотлар рўйхатда турибди.





