add

Ўзбекистонда фаолияти тўхтаган айрим тўқимачилик корхоналари Афғонистонда иш бошлайди

Ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистонда тўқимачилик корхоналарини тиклаш ишларини бошлади. Ўзбекистонда фаолияти тўхтаган айрим фабрикалар эндиликда Афғонистон ҳудудида қайта ишга туширилади.

Ўзбекистонда фаолияти тўхтаган айрим тўқимачилик корхоналари Афғонистонда иш бошлайди

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистонда фаолияти тўхтаган айрим текстил корхоналари энди Афғонистонда иш бошлайди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати маълумот берди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Афғонистоннинг «Афғон текстил корпорацияси» давлат корхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда фаолияти тўхтаган айрим тўқимачилик корхоналари Афғонистон ҳудудида локализация қилиниб, қайта ишга туширилади.

Шу йилнинг 18–23 октябр кунлари соҳанинг малакали мутахассислари ҳамда ССП вакилларидан иборат делегация Афғонистонга хизмат сафари уюштирди. Сафар давомида Парвон, Қандаҳор, Балх ва Бағлон вилоятлари ҳамда Кобул шаҳридаги олтита тўқимачилик объекти — жумладан «Гулбаҳор», «Қандаҳор», «Балх» ва «Пули-Хумри» фабрикалари ўрганилди.

Экспертлар биноларнинг ҳолати, технологик ускуналар ва инфратузилма имкониятларини баҳолаб, дастлабки лойиҳалаш учун зарур техник-иқтисодий маълумотларни йиғишди. Ҳозирда ушбу маълумотлар таҳлил қилиниб, корхоналарни қайта тиклаш ва ишга тушириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Меморандум доирасидаги бу ташаббус Афғонистонда тўқимачилик саноатини ривожлантириш билан бирга, Ўзбекистон ишлаб чиқариш салоҳиятини экспортга йўналтириш ва қўшни мамлакат билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев УНИCЕФ раҳбарлари билан учрашиб, Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид