add

Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 28,6 нафар шифокор тўғри келади

02.12.2025 | 11:301041 дақиқа

Миллий статистика қўмитаси 2025 йил бошига мамлакатда шифокорлар билан таъминланганлик даражаси ва асосий мутахассисликлар бўйича тақсимотни эълон қилди.

Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 28,6 нафар шифокор тўғри келади

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига ўртача 28,6 нафар шифокор тўғри келади. Ҳисоботда мамлакат аҳолисининг тиббий хизмат билан таъминланганлик даражаси ва мутахассислар таркиби бўйича аниқ кўрсаткичлар келтирилган.

Маълумотларга кўра, терапевтик йўналишдаги шифокорлар улуши энг юқори бўлиб, ҳар 10 минг аҳолига 10,8 нафар мутахассис тўғри келади. Жарроҳлик ихтисослиги бўйича бу кўрсаткич 3,3 нафарни ташкил этади. Акушер-гинекологлар сони ҳар 10 минг аёлга нисбатан 3,2 нафарни, педиатрлар сони эса болалар ёшига қараб 7,1–8,3 нафар оралиғида қайд этилган.

Қатор тор ихтисосликларда шифокорлар сони нисбатан кам. Масалан, офтальмологлар ҳар 10 минг аҳолига 0,5 нафар, отоларингологлар 0,6 нафар, невропатологлар 0,9 нафарни ташкил этмоқда. Фтизиатрлар, психиатрлар ва онкологлар бўйича кўрсаткич 0,2–0,3 нафар атрофида. Санитария-эпидемиология шифокорлари 1,4 нафар, рентгенологлар ва радиологлар эса 0,4 нафардан тўғри келади.

Шунингдек, стоматологлар улуши нисбатан юқори бўлиб, ҳар 10 минг аҳолига 3,3 нафар мутахассис тўғри келади. Мутахассислар фикрича, ушбу кўрсаткичлар тиббиёт соҳасида кадрлар етишмаслигини қисман кўрсатиш билан бирга, келгуси таълим ва кадрлар тайёрлаш режаларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда эркак шифокорлар сони кўплиги маълум қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид