
Ўзбекистонда ҳар йили сунъий интеллект етакчилари лойиҳаси ўтказилади
Ушбу лойиҳа доирасида энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларга электромобил, хорижга саёҳат, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар берилади.

Ўзбекистонда ҳар йили «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини ўтказиш белгиланди. Бу бўйича 849-сонли Ҳукумат қарорида келтирилган. Лойиҳа мамлакатда рақамли иқтисодиёт учун кадрлар захирасини кенгайтиришга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, янги ташаббус «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу дастур орқали ёшлар сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва замонавий IT ечимларини чуқур ўрганиш имкониятига эга бўлади. Лойиҳа мамлакат бўйлаб оммавий тарзда амалга оширилиши режалаштирилган.
Ҳар йили лойиҳа доирасида энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларни тақдирлаш бўйича миллий танлов ўтказилади. Унда 100 нафар ўқитувчи 1 минг АҚШ доллари эквивалентида пул мукофоти, 10 нафар ўқитувчи хорижий саёҳатга йўлланма билан тақдирланади. Шунингдек, 500 нафар ёшларга ноутбук, яна 500 нафар иштирокчига қимматбаҳо совғалар берилади.
Танлов доирасида таълим муассасалари ҳам рағбатлантирилади. Хусусан, 3 та олий таълим ташкилоти пул мукофотига, 2 та умумтаълим мактаби эса «Президент совғаси» — электромобил билан тақдирланади. Бу орқали таълим муассасаларида рақамли муҳитни ривожлантириш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси доирасида ёшлар учун қўшимча имкониятлар яратилади. Улар IT-лойиҳа бошқарувчиси, стартап лойиҳаси бошқарувчиси каби замонавий касблар ва хорижий тиллар бўйича бепул таълим олади. Халқаро профессионал даражадаги IT-сертификатларни қўлга киритиш учун ўқув курслари ҳам бепул ташкил этилади.





