add

Ўзбекистонда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази очилади

Ўзбекистонда 2029 йилгача 55 та ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилиб, ногиронлар, кексалар ва болаларга комплекс хизматлар кўрсатилади.

Ўзбекистонда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази очилади

Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган янги қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, мамлакат бўйлаб ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти изчил равишда кенгайтирилиб, умумий ҳисобда 55 та янги марказ ташкил этилади. Мазкур марказлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун комплекс хизматлар кўрсатишни таъминлайди.

Қарорга биноан, 2026–2027 йилларда 20 та, 2028–2029 йилларда эса қўшимча 35 та ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ишга туширилади. Шу тариқа, 2029 йилга қадар бутун республика бўйлаб замонавий ижтимоий хизматлар тармоғи шакллантирилиши кўзда тутилган.

Мазкур марказлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида давлат муассасаси сифатида фаолият юритади. Улар агентликнинг мавжуд, мақбуллаштирилган штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади, бу эса қўшимча маъмурий юкламаларни камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳудудий марказларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Жаҳон банкининг «Инсон» лойиҳаси доирасида амалга оширилади. 2026–2029 йилларни қамраб оладиган ушбу лойиҳа доирасида марказлар замонавий ускуналар ва инфратузилма билан жиҳозланади.

Марказларда асосий хизматлар сифатида:

ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш,

18 ёшдан катта, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун қараб туриш,

ривожланишида кечикиш ёки хавф омиллари мавжуд болалар учун эрта аралашув хизматлари йўлга қўйилади. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган болалар ва катталар учун абилитация ҳамда реабилитация хизматлари кўрсатилади.

Қўшимча равишда, «мустақил ҳаёт» хизматлари, фаол кексалик дастурлари, ногиронлиги бўлган болалар оилалари учун ота-оналар клублари, шунингдек, тарбиясида муаммоси бўлган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун психосоциал реабилитация хизматлари жорий этилади.

Теглар

Мавзуга оид