Ўзбекистонда ичимлик суви тарифлари ўзгаради
Қайд этилишича, амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаяпти.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaПрезидент Шавкат Мирзиёев ичимлик ва оқова сув таъминоти соҳасини ривожлантиришга бағишланган тақдимотда сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича янги таклифларни кўриб чиқди.
Тақдимотда амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаётгани, ҳудудлар кесимидаги катта фарқлар эса соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаларини ажратиш ҳамда Магистрал сув таъминоти корхонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Янги корхона ҳудудий ташкилотларга ичимлик сувини ягона улгуржи тариф асосида етказиб беради.
Янги тариф тизими жорий этилади
Тақдимотда ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифларини шаффоф ҳамда иқтисодий асосланган мезонлар бўйича белгилаш учун Идоралараро тариф комиссиясини ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Шунингдек, 2027 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотлари учун мамлакат бўйича ягона тарифни жорий қилиш режалаштирилган.
Ҳисоб-китоблар онлайн тизимга ўтади
Маълум қилинишича, демографик ва иқтисодий ўсиш натижасида 2030 йилга бориб мамлакатда ичимлик суви истеъмоли ҳозирги 941 миллион куб метрга нисбатан яна 230 миллион куб метрга ошиши кутилмоқда.
Шу боис сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва йўқотишларни қисқартириш мақсадида истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни тўлиқ онлайн тизимга ўтказиш ҳамда шаҳар ва туман марказларидаги барча истеъмолчиларга масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш вазифаси қўйилди.





