add

Ўзбекистонда ижтимоий карталарни барча банклар чиқаради

Бугун 18:552 дақиқа

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими ислоҳоти доирасида ижтимоий карталар ваколатлари кенгайиб, айрим функциялар муддати кейинга сурилди.

Ўзбекистонда ижтимоий карталарни барча банклар чиқаради

Ўзбекистонда ижтимоий карталарни чиқариш ҳуқуқига эга банклар сони кенгаймоқда. Президент қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб техник талабларга жавоб берадиган ҳар қандай резидент банк ижтимоий карталарни муомалага чиқариш ва тарқатиш бўйича молиявий агент сифатида фаолият юритиши мумкин. Ҳозирда бу ваколат фақат Халқ банки ва Алокабанкка берилган.

Шу билан бирга, ижтимоий карталарнинг айрим функцияларини жорий этиш муддатлари ўзгартирилди. Хусусан, карталарни Уруш қатнашчиси гувоҳномаси, ўқувчи ёки талаба гувоҳномаси, ногиронлик ҳақидаги маълумотнома ўрнида қўллаш имконияти 2026 йил 1 январдан кучга киради. Аввалроқ бу функция 2025 йил апрелида ишга туширилиши режалаштирилган эди.

Ижтимоий реестрда рўйхатдан ўтган эҳтиёжманд фуқаролар учун биринчи навбатдаги товарлар ва хизматлар бўйича ҚҚСни автоматик қайтариш тажрибаси ҳам кейинроқ бошланади. Ушбу механизм 2026 йил 1 февралдан Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синов тариқасида жорий этилади. Аввал бу жараён 2025 йил октябрига белгиланган эди. Июл ойидан эса тизим бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олади.

Ижтимоий карталар орқали хизматлар, субсидиялар, грантлар, имтиёзлар ва тўловларни тақдим этиш 2026 йил июлидан бошланади. Шу вақтдан бошлаб жамоат транспорти ва таксидан фойдаланиш, поезд ва самолёт чипталарини харид қилишдаги имтиёзлар ҳам ижтимоий карталарга боғланади.

Ижтимоий карталар тизими жорий этилишини Шавкат Мирзиёев 2024 йил бошида эълон қилган эди. Лойиҳа доирасида нафақалар, моддий ёрдамлар ва турли ижтимоий имтиёзларни ягона рақамли восита орқали тақдим этиш кўзда тутилган. Ҳозирда карталар Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида берилиб, улар орқали ёшга доир нафақалар, ногиронлик ва болалар нафақалари тўлаб келинмоқда.

Теглар

Мавзуга оид