
Ўзбекистонда иккиламчи уй-жой нархлари октябр ойида сезиларли даражада ошди
Октябр ойида уй-жой олди-сотди битимлари кескин ўсиб, бозорда сўнгги икки йилдаги энг фаол давр кузатилган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг янгиланган таҳлилига кўра, октябр ойида республика уй-жой бозори сезиларли даражада жонланди. Ой давомида уй-жой олди-сотди битимлари 12 фоизга ошиб, 27,1 мингтани ташкил этган. Бу 2023 йил августидан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган.
Барча ҳудудларда фаол ўсиш кузатилган. Энг катта ўсиш Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида кузатилиб, бу ерларда битимлар сони ўртача 26 фоизга кўпайган. Сурхондарё ва Сирдарёда эса ўсиш нисбатан суст кечиб, мос равишда 2 ва 4 фоиз атрофида бўлган.
Республика бўйича барча битимларнинг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда савдо ҳажми ойлик ҳисобда 5,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 32 фоизга ошган.
Иккиламчи уй-жой бозорида ҳам нархлар сезиларли даражада ўсган. Октябрда бир квадрат метр учун ўртача нарх 2,4 фоизга кўтарилган, сентябрда бу кўрсаткич бор-йўғи 0,6 фоиз эди. Йиллик ҳисобда иккиламчи бозордаги нархлар 7,4 фоизга ошган.
Энг юқори ўсиш Сурхондарё ва Наманганда қайд этилган — бу ҳудудларда уй-жой нархлари тахминан 20 фоизга қимматлашган.
Тошкентда иккиламчи бозорда нархлар деярли ўзгармаган, ўртача 0,7 фоиз атрофида кўтарилиш кузатилган. Бироқ ўтган йилнинг октябрига нисбатан пойтахтда иккиламчи уй-жой нархлари 1 фоизга пасайган.
Энг катта пасайиш Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида рўй берган, бу туманларда нархлар тахминан 5 фоизга тушган.
Бирламчи уй-жой бозорида эса аксинча, нархлар ўсиши давом этмоқда. Октябр ойида квадрат метр учун ўртача нарх йиллик ҳисобда 2,1 фоизга ошган. Бектемир, Яшнобод, Миробод ва Яккасарой туманлари энг тез ўсиш қайд этилган ҳудудлар бўлиб, бу ерларда бирламчи бозор нархлари ўртача 5,5 фоизга кўтарилган.
Ижара бозорида Тошкентда ўртача ставкалар ўзгармасдан қолиб, бир квадрат метр учун 8,5 долларни ташкил этган. Энг қиммат ижара Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида сақланиб, бу ҳудудларда квадрат метр учун ўртача 10,2 доллар тўланмоқда. Йиллик ҳисобда пойтахтда ижара нархлари 1,6 фоизга ўсган. Энг юқори ўсиш Бектемир, Яшнобод ва Сергели туманларида кузатилиб, ижара баҳолари ўртача 9 фоизга кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 9 ой ичида Ўзбекистонда иккиламчи уй нархлари долларда 5 фоизга ошганлиги ҳақида хабар берган эдик.





