add

Ўзбекистонда ишсизлик 2013 йилдан буён илк марта 5 фоиздан пастлади

2025 йилнинг III чорагида ишсизлар сони 760 минггача қисқариб, умумий ишсизлик даражаси 4,9 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда ишсизлик 2013 йилдан буён илк марта 5 фоиздан пастлади

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил июл–сентябр ойлари якунларига кўра, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 4,9 фоизга тушди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 0,8 фоизлик пунктга камайиш демакдир. Мазкур кўрсаткич 2013 йилдан буён кузатилган энг паст даражадир.

Янги маълумотларга кўра, мамлакат аҳолиси 37,8 млн кишига етган. Меҳнат ресурслари 20,35 млн нафарни ташкил этиб, бир йилда 387,3 минг кишига (1,9 фоизга) кўпайган. Иқтисодий фаол аҳоли сони 15,57 млн бўлса, шундан 14,81 млн нафар банд — бу ўтган йилга нисбатан 4,1 фоиз ўсиш демакдир.

Ишсизлар сони тахминан 760 минг кишини ташкил этмоқда. Бу иқтисодий фаол аҳолининг 4,9 фоизи ҳисобланади. Иш билан банд инсонларнинг 55 фоизи расман ишлайдиганлар, 33 фоизи ноформал секторида, 12 фоизи эса хорижда меҳнат қилаётганлардир.

Ўзбекистонда ишсизлик 2010–2017 йилларда 5–6 фоиз атрофида бўлган. 2018 йилдан сўнг бу кўрсаткич ўсиб, 2020 йилда пандемия таъсирида 10,5 фоизгача етган. Кейинги йилларда эса барқарор камайиб борган: 2021 йилда — 9,6 фоиз, 2022 йилда — 8,9 фоиз, 2023 йилда — 6,8 фоиз, 2024 йилда — 5,5 фоиз. Жорий йилнинг биринчи ярмида ишсизлик яна тушиб, 5,1 фоизни ташкил этган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда ишсизлик 2013 йилдан буён илк марта 5 фоиздан пастлади | Vaqt.uz