Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 715 минг этиб белгиланди

2026-йил учун бир киши ҳисобида ойлик минимал истеъмол харажатлари 715 минг сўм этиб белгиланди.

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 715 минг этиб белгиланди

2026-йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари миқдори ойига бир киши ҳисобида 715 минг сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2025-йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ҳамда хизматлар бўйича шаклланган нарх индекслари асосида алоҳида индексация қилиниб аниқланган.

«Минимал истеъмол харажатларини расмий инфляциядан паст суръатда ёки кечикиб индексация қилиниши биринчи марта эмас, бу аллақачон доимий методичкага айланиб бўлди. Балки шу йўл билан ижрочилар Ўзбекистонда камбағаллик даражасини маъмурий паст кўрсатишнинг ва бюджет харажатларини айнан камбағал тоифалар учун тўловлардан қисиб тежашни маъқул деб билишмоқда», — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Бу кўрсаткич нима учун зарур?

Мазкур кўрсаткичдан давлат томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлашда фойдаланилади. Шунингдек, у мамлакатда камбағаллик чегарасини белгилашда асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Бунда аҳолининг реал истеъмол одатлари ва эҳтиёжлари ҳам инобатга олинади.

Бундан ташқари, минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи камбағалликка қарши курашишга қаратилган давлат стратегиялари ва дастурларининг самарадорлигини баҳолашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. У орқали амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг манзиллилиги оширилади ва уларнинг доимий мониторинги юритилади.

Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилашда ҳам асосий мезонлардан бири сифатида хизмат қилади. Кам таъминланган оилаларга бериладиган турли моддий ёрдам турлари ҳам айнан шу кўрсаткич асосида ҳисобланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025-йилда минимал истеъмол харажатлари киши бошига 669 минг сўм (+3 фоиз) этиб белгиланган. 2024-йилда эса камбағаллик чегараси икки марта оширилди. Дастлаб йил бошида бу миқдор 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилган бўлса, 1-майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши фонида у яна 4,3 фоизга — ойига 648 минг сўмгача кўтарилди. Йиллик ҳисобда кўрсаткич 7,7 фоизга ўсди.

Теглар

Мавзуга оид