Ўзбекистонда кўмир нархини давлат томонидан белгилаш бекор қилинади

Бугун 20:083 дақиқа

Шунингдек, умумий захираси 233 млн тонна, йиллик қазиб чиқариш қуввати 10 млн тонна бўлган Нишбош кўмир кони ўзлаштирилади. Кон негизида умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилади.

Ўзбекистонда кўмир нархини давлат томонидан белгилаш бекор қилинади © Фото: Asia-Plus

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир нархларини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинади ва ушбу маҳсулот стратегик турлар рўйхатидан чиқарилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев кўмир саноатида бозор механизмларини жорий этиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва янги инвестиция лойиҳалари юзасидан ўтказилган тақдимот билан танишган пайтда маълум қилинди.

Янги тартибга кўра, кўмир нархи талаб ва таклиф асосида шаклланади ҳамда истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади. Иссиқлик электр станциялари ва йирик истеъмолчилар кўмирни “таклиф сўрови” тартиби асосида, ҳисобот давридаги ўртача биржа нархларида харид қилиши мумкин бўлади. Амалдаги нархларни маъмурий белгилаш тартиби ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий барқарорлигига, янги инвестиция киритиш ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятларига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Аҳолини таъминлаш ва соҳадаги ташкилий ўзгаришлар

Аҳоли ва бюджет муассасаларини кўмир билан барқарор таъминлаш учун алоҳида механизм жорий этилади. Кўмир қазиб чиқарувчилар маҳсулотни биржа савдоларида алоҳида савдо майдончаси орқали етказиб берувчи тадбиркорларга сотади. Етказиб берувчи тадбиркорлар омборхонаси, техникалари ва солиқ рейтинги каби мезонлар асосида электрон тизим орқали танланади. Республика бўйича аҳоли ва бюджет ташкилотларига етказиб бериладиган кўмир нархлари ўртасидаги тафовутни бартараф этиш мақсадида темир йўлда ташиш ягона тариф асосида амалга оширилади. “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти фаолияти тугатилиб, ҳудудлардаги 96 та кўмир омбори ва техникалар аукцион савдолари орқали сотилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Mycoal.uz портали орқали кўмир сотиб олган Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга 2026 йилнинг июнь-декабрь ойларида 600 минг сўмгача бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бундан ташқари, республика ҳудудига олиб кириладиган импорт кўмирнинг олтингугурт миқдори, калорияси ва бошқа кўрсаткичларига янги экологик ҳамда сифат талаблари белгиланиб, талабга жавоб бермайдиган маҳсулотни сотиш тақиқланади ва импорт фақат темир йўл орқали амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва янги кон лойиҳаси

Сўнгги 9 йилда кўмир қазиб чиқариш кўрсаткичи 10 миллион тоннага етказилди, келгуси куз-қиш мавсумида эса бу ҳажмни 11 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. Бугунги кунда кўмир қазиб чиқарувчи хусусий тадбиркорлар сони 18 тага етиб, улар томонидан 2023-2025 йилларда 117,2 миллион доллар хусусий инвестициялар ҳисобига 2,4 миллион тонна кўмир қазиб чиқарилди. Ангрен ва Шарғун кўмирларини аралаштириш ҳисобига иссиқлик электр станцияларига 1,5 миллион тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди.

Тақдимотда умумий захираси 233 миллион тонна, йиллик қазиб чиқариш қуввати 10 миллион тонна бўлган Нишбош кўмир конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қиймати 494 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа доирасида 880 та янги иш ўрни яратилади. Кон негизида 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб қилган ҳолда умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш таклиф этилди. Ультра юқори критик технологиялар асосида қуриладиган 4 та энергоблок йилига ўртача 9,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Тоғ-кон саноатида импорт ўрнини босиш салоҳиятини 2,1 миллиард долларгача етказиш имконияти мавжудлиги сабабли, тадбиркорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида 2027-2030 йилларга мўлжалланган тоғ-кон саноатида маҳаллийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди. Давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид