Logo

Ўзбекистонда кредитлар нега қимматлигича қолмоқда?

Бугун 12:252 дақиқа

Марказий банк раиси Тимур Ишметов Ўзбекистонда кредит ставкалари нима учун юқорилигича қолаётганлигига изоҳ берди.

Ўзбекистонда кредитлар нега қимматлигича қолмоқда? © ijtimoiy tarmoqlar

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида сўзга чиққан Марказий банк раиси депозит ва кредит ставкаларига маъмурий таъсир кўрсатишни режалаштирмаётганини маълум қилди.

Тимур Ишметовнинг маълум қилишича, кредитларни арзонлаштириш босқичма-босқич кечадиган жараён ҳисобланади ва кредит ставкалари инфляция даражаси, инфляцион кутилмалар, ресурслар қиймати ҳамда банк тизимидаги рисклар таъсирида шаклланади. Шунингдек, депозитларнинг юқори ставкалари кредитлар нархига бевосита таъсир кўрсатади.

Депозитлар 43 фоизга ошган

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари ўтган йил давомида 43 фоизга ўсиб, 330 трлн сўмга етган. Бу эса юқори реал даромадлилик аҳолини жамғаришга рағбатлантираётганини кўрсатади.

Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, Марказий банкнинг асосий мақсади депозит ставкаларини эмас, балки инфляция ва инфляцион кутилмаларни пасайтиришдан иборат.

Унинг фикрича, юқори реал фоиз ставкалари аҳолининг истеъмол харажатларини чеклаб, инфляцион босимни юмшатишга хизмат қилади.

Кредитлар қачон арзонлашади?

Марказий банк раҳбари кредит ресурсларининг арзонлашиши учун биринчи навбатда инфляция барқарор равишда пасайиши кераклигини таъкидлади. Сўнгги йилларда инфляциянинг секинлашиши, миллий валютадаги жамғармаларнинг кўпайиши ва банкларнинг ресурс базаси кенгайиши ижобий омил сифатида қайд этилди. Бироқ бу жараён тез кечмаслиги айтилди.

Шу билан бирга, Марказий банк банк тизимини трансформация қилиш, капитал бозорини ривожлантириш, рақобатни кучайтириш ҳамда рақамли ечимлар ва риск-менежмент тизимларини такомиллаштириш орқали кредитлар қийматини пасайтиришга эришмоқчи.

Регулятор фикрича, инфляция пасайиб, депозитлар бўйича номинал ставкалар тушганидан кейин кредит ставкаларида ҳам сезиларли пасайиш кузатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мижозлар билан энг ёмон ишлайдиган банклар рейтинги эълон қилиб борилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид