Ўзбекистонда миллий тўлов свитчи 2027-йилда ишга туширилади
Янги тизим банк карталари бўйича ички операцияларни хорижий процессинг марказлар ўрнига мамлакат ичида қайта ишлаш имконини беради.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистон Марказий банки миллий тўлов свитчини яратиш устида иш олиб бормоқда. Марказий банкнинг Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти раҳбари Жамшид Усмоновнинг «Spot»га маълум қилишича, лойиҳа президент қарори билан тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилмоқда.
2025-йил ноябрда президент сўмдаги барча тўловлар ягона миллий тўлов свитчи орқали амалга оширилишини таъминлаш бўйича топшириқ берган эди. Лойиҳа нақд пулсиз ҳисоб-китоблар хавфсизлиги ва барқарорлигини кучайтиришга қаратилган.
Режага кўра, 2026-йилда тизим учун зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилади. Техник жорий этиш ишлари кейинги босқичларда давом эттирилиб, тизимни 2027-йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Нима ўзгаради?
Жамшид Усмоновнинг таъкидлашича, миллий тўлов свитчи мамлакат ичидаги барча операциялар учун ягона инфратузилма вазифасини бажаради. Бу эса айрим банк карталари бўйича транзакцияларни хорижий процессинг марказларида эмас, Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишлаш имконини яратади.
«Мамлакатлар аста-секин миллий свитчларга ўтмоқда, чунки бу хорижий компаниялардан мустақилликни яратади ва бу маълумотларнинг барчасини ўз мамлакатида қайта ишлаш имкониятини беради», — деди Усмонов.
Марказий банкка кўра, бу ечим тўлов тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, маълумотлар хавфсизлигини кучайтириш ҳамда стратегик инфратузилма устидан миллий назоратни оширишга хизмат қилади.
Хавфсизликка урғу
Дунёнинг кўплаб давлатлари сўнгги йилларда миллий тўлов инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундай тизимлар ташқи процессинг марказларига қарамликни қисқартириш ва мамлакат ичидаги тўлов маълумотларини маҳаллий серверларда қайта ишлаш имконини беради.
Марказий банк ҳозирда 2026-йил учун белгиланган меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш устида иш олиб бормоқда. Регулятор маълумотига кўра, лойиҳа барча босқичларда тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда.





