add

Ўзбекистонда «муддатли тўлов» алоҳида қонун билан тартибга солинади — Марказий банк

Бугун 10:401 дақиқа

Марказий банк аҳолининг ортиқча қарздорлигини чеклаш учун бўлиб-бўлиб тўлов хизматларини босқичма-босқич тартибга солишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонда «муддатли тўлов» алоҳида қонун билан тартибга солинади — Марказий банк

Ўзбекистонда бўлиб-бўлиб тўлов хизматларини тартибга солишга қаратилган алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Марказий банки раисининг ўринбосари Санжар Носиров 13 январ куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг айтишича, регулятор ушбу бозор сегментида тизимли тартибга солишни жорий этишни режалаштирмоқда ва бу йўналишда ҳукумат билан ҳамкорликда иш бошланган. Илк қадам сифатида Марказий банк бўлиб-бўлиб тўловлар бўйича ягона стандартларни ишлаб чиқди ҳамда уларни соҳа ассоциациялари билан бўлишди. Айни пайтда бозор иштирокчилари мазкур стандартларни амалиётга жорий этишни бошлаган.

Санжар Носировнинг таъкидлашича, кейинги босқичда алоҳида қарор ва қонун қабул қилиш кўзда тутилган. Бу жараёнлар бўйича ички тайёргарлик ишлари аллақачон бошланган. Регулятор бўлиб-бўлиб тўловларни бир зумда эмас, балки босқичма-босқич ҳуқуқий майдонга олиб кириш ниятида.

Марказий банкнинг асосий хавотири аҳолининг, айниқса, уй хўжаликларининг ортиқча қарз юкига ботиб қолишидир. Шу сабабли регулятор бир қатор эҳтиёт чораларини жорий этмоқда. Хусусан, бўлиб-бўлиб тўловлар бўйича маълумотларни кредит бюроларига мажбурий тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди.

Кейинги босқичда эса бўлиб-бўлиб тўлов хизматларини таклиф қилувчи компаниялардан мижозларнинг қарз юкини ҳисобга олиш талаб этилади. Бунда бозор иштирокчилари кредит бюроларидан маълумот олиши, қарз юки коэффициентини ҳисоблаши ва белгиланган лимитларга қатъий риоя қилиши шарт бўлади.

Теглар

Мавзуга оид