add

Ўзбекистонда нафақа пулларидан кредит қарздорлигини ундириш тақиқланди

Энди банклар давлат томонидан тўланадиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пулларини кредит қарздорлигини сўндириш учун ечиб олиши мумкин эмас.

Ўзбекистонда нафақа пулларидан кредит қарздорлигини ундириш тақиқланди

Адлия вазирлиги Марказий банкнинг «Банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларни амалга оширишда тижорат банклари фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарорини давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжатда банклар билан муносабатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор муҳим янгиликлар белгиланди.

Янги талабларга кўра, давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пуллари, шу жумладан ижтимоий карталарга келиб тушадиган маблағлардан кредит қарздорлигини ундириш тақиқланади. Шунингдек, онлайн кредит расмийлаштириш жараёнида мижоз розилигини ифодаловчи майдончалар ёки кредит параметрларини олдиндан белгилаб қўйиш амалиёти ҳам ман этилди.

Банклар энди кредит ажратишда мижозларга эҳтимолий таваккалчиликлар ҳақида чеклист тақдим этиши шарт.

Кредитларни реструктуризация қилиш имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда. Масалан, кредит тўлови муддатларини узайтириш, фоиз ставкаларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёллар учун кредит тўловларини 10 ойгача кечиктириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш мажбурияти киритилмоқда.

Шунингдек, омонат ёки банк ҳисобварағи шартномасини тузишда банклар мижозларни омонатларни кафолатлаш тизими ҳақида хабардор қилиши лозим. Молиявий қийин аҳволга тушган ёки оғир ҳаётий вазиятда бўлган фуқаролар учун банкларда аризаларни кўриб чиқиш тизими яратилиши ва бу ҳақда расмий сайтларда маълумот берилиши талаб этилади.

Қарорда яна бир муҳим тартиб белгиланди — давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пулларини, жумладан ижтимоий карталарга тушадиган маблағларни қарз ундиришга йўналтириш тақиқланади. Шунингдек, онлайн кредит расмийлаштиришда мижоз розилигини автоматик белгилаш ёки кредит параметрларини олдиндан белгилангандан кейин ўзгартишга йўл қўйилмайди.

Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк айрим кредит ташкилотлари ижтимоий нафақаларни фуқаролар розилигисиз қарз тўловига автоматик ечиб олиш амалиётини қонунбузарлик ва инсофсизлик деб баҳолаган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда нафақа пулларидан кредит қарздорлигини ундириш тақиқланди | Vaqt.uz