Ўзбекистонда олти ой ичида жами 772 млрд сўмлик декрет пуллари тўлаб берилган
2026-йилнинг январ-июн ойларида 66 мингдан ортиқ аёллар ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олган.

2026-йилнинг олти ойида Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси томонидан 66 мингдан ортиқ аёлга ҳомиладорлик ва туғиш (декрет) нафақаси тўлаб берилди. Бу ҳақда Ижтимоий суғурта жамғармаси раҳбари Нодир Муслиддинов Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган очиқ мулоқотда маълум қилди.
Муслиддиновга кўра, олти ой давомида декрет нафақаларини молиялаштириш учун жами 772 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Нафақа олувчиларнинг 55 минг нафари ёки 83 фоизи давлат секторида, 11 минг нафари ёки 17 фоизи эса хусусий секторда фаолият юритувчи аёллар ҳиссасига тўғри келган.
Хусусий секторда ишловчи аёллар учун ажратилган декрет тўловлари ҳажми 163 миллиард сўмни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ушбу секторда нафақа олганлар сони 6 минг нафардан 11 минг нафарга етиб, қарийб икки баравар ошган.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 1-январдан бошлаб хусусий секторда ишловчи аёллар учун декрет пулларини ҳисоблашнинг янги тартиби жорий этилди. Унга кўра, улар ҳам давлат хизматчилари каби охирги бир йилдаги ўртача ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлди ва ушбу тўловлар Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланмоқда.
Шунингдек, 2026-йил 1-июлдан эътиборан хусусий ва давлат секторидаги ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ҳам ягона тартиб асосида Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси орқали тўланмоқда.


