Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи арзонлашди
5 граммли қуйма нархи 10 млн сўмдан пасайди. Марказий банк маълумотларига кўра, бир грамм олтин нархи 1 987 200 сўмни ташкил этди.

Ўзбекистонда охирги 20 кундаги рекорд ўсишдан кейин 5 граммли олтин қуйма нархи 10 млн сўмдан пасайди. Марказий банкнинг 18 феврал куни эълон қилган маълумотларига кўра, бир грамм олтиннинг нархи 1 987 200 сўмни ташкил этди.
Янги нархларга кўра:
— 10 граммли қуйма 19 миллион 872 минг сўм;
— 20 граммли 39 миллион 744 минг сўм;
— 50 граммли 99 миллион 361 минг сўм;
— 100 граммли қуйма 198 миллион 722 минг сўмдан сотилмоқда.
Қайтариб олиш нархлари эса қуйманинг қадоғи бут ёки техник талабларга мос эмаслигига қараб фарқ қилади.

Йил бошида олтин қуймалар нархи кескин ўсган эди. 12 январь куни 5 граммли қуйма илк бор 9 миллион сўмдан ошди. 26 январь куни эса 10 миллион сўмлик марра забт этганди. 29 январда қуймалар нархи кетма-кет саккизинчи кун рекорд янгилаб, 5 граммли қуйма биринчи марта 10,8 миллион сўмдан юқорига кўтарлган эди.
Бироқ шундан сўнг бозорда пасайиш бошланди. 9 февраль куни 5 граммли қуйма 10 миллион 60 минг сўм, 16 февраль куни эса 10 миллион 100 минг сўм атрофида бўлган. 18 февраль ҳолатига келиб эса нарх 10 миллионлик чегарадан пастга тушди.





