
Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи кескин пасайди
23 октябр ҳолатига барча турдаги олтин қуймалари нархи тушди. Бу глобал бозордаги арзонлашув тенденциясини акс эттирмоқда.

Марказий банкнинг 23 октябр куни эълон қилган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи кетма-кет иккинчи ҳафтада пасайишни давом эттирмоқда. Барча тоифадаги қуймалар бўйича нархлар бир вақтнинг ўзида пастлаган.
Янги расмий баҳоларга кўра, 5 граммли олтин қуйманинг нархи 8 миллион 326 минг сўмдан 8 миллион 117 минг сўмга, 10 граммли қуйма 16 миллион 652 минг сўмдан 16 миллион 234 минг сўмга тушган. 20 граммли қуйма нархи эса 33 миллион 305 минг сўмдан 32 миллион 468 минг сўмгача пасайган. Шу билан бирга, 50 граммли қуйма 81 миллион 170 минг, 100 граммлиси эса 162 миллион 341 минг сўмдан баҳоланмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, бу ўзгариш халқаро олтин бозоридаги динамикага боғлиқ. 23 октябр куни олтиннинг жаҳон бозоридаги бир трой унцияси учун 4 087,01 долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич сўнгги ҳафталардаги пасайиш жараёни давом этаётганини кўрсатади.
Муттахассислар олтин қуймаларига бўлган талабнинг вақтинча сусайиши ва халқаро бозорларда долларнинг мустаҳкамланиши нархларнинг пасайишига асосий омил бўлганини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, ички бозордаги талаб ҳам бироз пасайгани кузатилмоқда. Айрим иқтисодчилар фикрича, олтин нархининг пасайиши қисқа муддатли бўлиб, йил охирига бориб қайта ўсиш эҳтимоли юқори.





