
Ўзбекистонда онколог ва бошқа тор соҳа мутахассислари етишмаяпти
Ўзбекистонда онколог, психиатр ва бошқа тор соҳа мутахассисларининг улуши ҳар 10 минг аҳолига 1 нафардан ҳам тўғри келмаслиги маълум бўлди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатида Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига ўртача 28,6 нафар шифокор тўғри келади. Бу Ўзбекистонда тиббий кадрлар таъминоти кейинги йилларда босқичма-босқич ошиб бораётган бўлса-да, айрим йўналишларда мутахассислар етишмаётганини кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, терапевтик йўналиш бўйича шифокорлар улуши энг катта кўрсаткични ташкил этди. Ҳар 10 минг аҳолига 10,8 нафар терапевт тўғри келади. Жарроҳлик йўналишида бу кўрсаткич 3,3 нафарни ташкил этган. Аҳолининг репродуктив саломатлиги учун муҳим бўлган акушер-гинекологлар ҳар 10 минг аёлга нисбатан 3,2 нафар миқдорида қайд этилган. Болалар шифокорлари бўйича таъминот эса ёш тоифаларига кўра фарқ қилади: 14 ёшгача болаларга 8,3 нафар, 17 ёшгача болаларга эса 7,1 нафар педиатр тўғри келмоқда.
Тор ихтисосликларда мутахассислар сони анча кам. Масалан, ҳар 10 минг аҳолига 0,5 нафар офталмолог, 0,6 нафар отоларинголог ва 0,2 нафар фтизиатр тўғри келади. Невропатологлар улуши 0,9 нафар, дермато-венерологлар ва онкологлар мос равишда 0,3 нафардан. Психиатрлар ҳам аҳолига нисбатан 0,3 нафар миқдорида. Радиолог ва рентгенологлар ҳар 10 минг аҳолига 0,4 нафарни ташкил этади.
Шунингдек, стоматологлар улуши нисбатан юқори — 3,3 нафар. Санитария-эпидемиология хизмати шифокорлари эса ҳар 10 минг аҳолига 1,4 нафар миқдорида қайд этилган.





