add

Ўзбекистонда Паралимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади

Марказ Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Олимпия шаҳарчасига жойлаштирилади. Мамлакатда паралимпия спортчилари тайёргарлиги ва терма жамоаларни шакллантириш тизими янгиланади.

Ўзбекистонда Паралимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади

Президентнинг 2025 йил 11 декабрда қабул қилинган «Паралимпия спорт турларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (373-сон) паралимпия спорт турларини ривожлантиришнинг устувор мақсадларини белгилаб берди.

Ушбу ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг спортга қизиқишини ошириш, улар учун қулай шарт-шароит яратиш ва терма жамоалар учун барқарор спорт захирасини шакллантириш асосий йўналиш сифатида қайд этилди. Шу билан бирга, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш ва саралашнинг рақамлаштирилган тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Қарорга мувофиқ, ногиронлиги бўлган спортчиларнинг соғлом гуруҳлар билан бирга машғулотларда иштирок этишига имконият яратилади. Ҳар бир ҳудудда айрим давлат спорт мактаблари паралимпия спорт турларига ихтисослаштирилади. Спортчиларнинг ногиронлик тоифасини барвақт аниқлаш амалиёти йўлга қўйилиб, ҳар бир спорт тури бўйича алоҳида спорт базалари терма жамоаларга бириктирилади.

2026 йил 1 январдан терма жамоаларни шакллантиришнинг янги тартиби кучга киради. Унга кўра, спортчиларнинг мусобақалардаги натижалари билан бирга спорт нормативларини бажариши ҳам асосий мезон сифатида қабул қилинади. Айрим паралимпия спорт турлари бўйича республика чемпионати ёки кубогини ўтказиш мажбурий ҳисобланмайди, аммо «ERP-sport» электрон тизимида спортчиларнинг натижалари тўлиқ юритилиб, нормативлар бажарилиши доимий мониторинг қилинади.

Шунингдек, қарор билан Паралимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади. Янги марказ Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Олимпия шаҳарчасига жойлаштирилади.

Теглар

Мавзуга оид