Ўзбекистонда паспорт йўқотганлик учун жарима бекор қилинади
Шунингдек, вояга етмаганлар суд божидан озод этилади.

Ўзбекистонда фуқаролик паспорти ёки ID-картани йўқотиб қўйганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилиниб, фақат қўшимча давлат божи ундириш тизими жорий этилади. Шунингдек, вояга етмаганлар суд божидан озод этилиб, илк бор иш қидираётганлар учун «иш ўрганувчи стажёр» тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15 июлдаги қарорида маълум қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига 2026 йилнинг октябрига қадар паспорт, ID-карта ёки хорижга чиқиш паспортини йўқотиб қўйганда ёки яроқсиз ҳолга келтирганда маъмурий жавобгарликка тортмаслик ва фақат қўшимча миқдорда давлат божи тўлаш орқали янги ҳужжатни расмийлаштириш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Вазирликлар мазкур таклифларни белгиланган муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.
Суд божидаги имтиёз ва «иш ўрганувчи стажёр» тизими
Янги ҳужжат билан вояга етмаган шахсларга ўз ҳуқуқларини мустақил равишда амалга ошириш юзасидан судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда. Бу бўйича Адлия вазирлиги Болалар омбудсмани ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли қонун лойиҳасини ҳукуматга киритади.
Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил сентябрга қадар «иш ўрганувчи стажёр» тизимини жорий қилиш бўйича таклиф тайёрлайди. Ушбу тизим бандлик соҳасида илк бор ёки бошқа соҳада иш қидираётганлар учун шартнома асосида ҳақ тўланмайдиган, бироқ меҳнат дафтарчасига ёзув киритилиб, штатдан ташқари 3 ойгача ишлаб кўриш имконини беришни назарда тутади.





