Ўзбекистонда қайси соҳаларда бўш иш ўринлари кўпроқ?
2025 йилнинг қиш ойларида бўш иш ўринлари сони 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 15,3 фоизга кўпайган.

2025 йилнинг тўртинчи чорагида мамлакатда бизнес субъектлари томонидан 47,8 мингта бўш иш ўринлари эълон қилинди. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган таҳлилларда кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, иш кучига бўлган талабнинг юқори ўсиши асосан қурилиш, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш йўналишларида кузатилди.

Қурилиш соҳасидаги бўш иш ўринлари бир йилда 32,6 фоизга ошган. Бу ўсишни ҳудудлардаги инфратузилма ва уй-жой қурилиши ҳажмининг ортиши билан изоҳлаш мумкин. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025 йилда қурилиш ишлари 14,2 фоизга ўсган.
Иқтисодий фаоллик бўйича ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, қурилиш соҳасидаги тадбиркорларнинг 43,6 фоизи иш ўринларини кўпайтиришни режалаштирган. Бу эса талабнинг келгусида ҳам юқори бўлишини кўрсатади.
Умумий овқатланиш соҳасида иш ўринлари эса 23,9 фоизга ошган. Бу аҳолининг истеъмол фаоллиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Хизматлар соҳасида ҳам юқори динамика сақланиб, тадбиркорларнинг 38,5 фоизи янги иш ўринлари яратишни режалаштирган. Савдо соҳасида бу кўрсаткич 32,2 фоизни ташкил этди.
Ишлаб чиқариш соҳасида бўш иш ўринлари бир йилда 13,4 фоизга ошган. Бўш иш ўринларининг ортишига тадбиркорлар сонининг ошганлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин: 2025 йилда 10,9 фоизга ортган.
Шу билан бирга, мамлакатда рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар сони ҳам ўсишда давом этди ва 2025 йилда 725,9 мингтага етди. Бу 2024 йилга нисбатан 5,4 фоизга кўпдир.
Қисқартиришлар камайди, иш ўринлари кўпаймоқда
2025 йилнинг IV чорагида иш ўринларини оширишни кутаётган бизнес субъектлари улуши 36,4 фоизга етган. Шу билан бирга, иш ўринларини сақлаб қолишни режалаштираётганлар 56,4 фоизни ташкил этган. (2-расм)
Аксинча, иш ўринларини қисқартиришни кутаётганлар улуши 12,7 фоиздан 7,2 фоизгача камайган. Бу меҳнат бозорида ижобий тенденциялар устун эканини кўрсатади.
«Меҳнат бозорида ушбу динамикаларнинг шаклланиши келгуси ойларда янги иш ўринлари таклифининг сезиларли ўсиши кутилаётганлигини ҳамда меҳнат бозорида талабнинг тармоқлар кесимида ҳам фаол кенгайиб бораётганлигини кўрсатади», — дейилади ҳисоботда.

Иш қидириш фаоллиги ва мавсумий омиллар
2025 йилнинг октябр-ноябр ойларида онлайн иш қидириш фаоллигида мавсумий пасайиш кузатилди. Шу билан бирга, умумий ҳисобда иш қидириш фаоллиги барқарорлашди, аммо фаол резюмелар, яъни иш қидираётганлар сони ўсиши 2024 йилга нисбатан анча паст бўлди.
Бу ҳолат иш ўринлари таклифининг тезроқ ўсиши фонида меҳнат бозорида талаб устунлик қилаётганини англатади.
Умуман олганда, иш ўринлари таклифининг тез ўсиши, бизнес фаоллигининг кенгайиши ва иш қидириш фаоллигининг барқарорлашуви меҳнат бозорида талабнинг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса иқтисодиётдаги ўсиш жараёнлари давом этаётганидан далолат беради.





