
Ўзбекистонда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қайси ҳудудлар етакчи?
2025 йилнинг ўн бир ойида саноат маҳсулотлари ҳажми ортиб, ҳудудлар кесимида йирик ишлаб чиқариш ҳажмлари Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятларига тўғри келди.

Ўзбекистонда 2025 йил январ–ноябр ойларида жами 963,3 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Миллий статистика қўмитасига кўра, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоизга ўсган.
Саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши мамлакат иқтисодиётида ишлаб чиқариш сектори етакчи ўрин тутаётганини кўрсатади. Ҳисобот даврида аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми республика бўйича ўртача 25,5 млн сўмни ташкил этган.
1 декабр ҳолатига кўра, мамлакатда 59,6 мингта саноат корхоналари фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналар йирик саноат тармоқлари билан бир қаторда кичик ва ўрта ишлаб чиқариш субъектларини ҳам ўз ичига олади. Бу эса саноат тармоғининг диверсификацияси ва ҳудудий ривожланишини таъминламоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори саноат ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда 184,4 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, бу умумий ҳажмнинг сезиларли қисмини ташкил этади. Навоий вилояти 173,5 трлн сўм билан иккинчи ўринни эгаллаб, йирик кон-металлургия ва саноат корхоналари ҳиссаси юқори экани билан ажралиб туради.
Тошкент вилоятида 146,9 трлн сўмлик, Андижон вилоятида 94,9 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Самарқанд ва Фарғона вилоятларида мос равишда 51,3 трлн сўм ва 50 трлн сўмлик кўрсаткичлар қайд этилган. Қолган ҳудудларда ҳам саноат ишлаб чиқариши барқарор суръатларда ривожланиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 10 ойда металлургия ишлаб чиқариши 184 трлн сўмдан ошгани ҳақида хабар бергандик.





