add

Ўзбекистонда шов-шувли жиноятлар жамоатчилик иштирокида кўрилади

Бугун 15:352 дақиқа

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини очиқ ва адолатли қилиш учун рақамли суд ва «халқ вакиллари ҳайъати» жорий этилади.

Ўзбекистонда шов-шувли жиноятлар жамоатчилик иштирокида кўрилади

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини халққа янада яқинлаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида маълум қилди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, одил судловни таъминлашда шаффофлик ва жамоатчилик ишончи устувор аҳамият касб этади.

Ислоҳотлар доирасида одил судлов жараёнини «рақамли суд» концепцияси асосида ташкил этиш бошланди. Энди жиноят ишлари бўйича тергов жараёнлари ҳам рақамлаштирилиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси янада кучайтирилади. Жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан тортиб, ишни судга оширишгача бўлган барча босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили сезиларли даражада қисқартирилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда тергов судьялари фаолиятининг йўлга қўйилиши халқаро амалиётда тан олинган «Habeas corpus» институтини қўллашда навбатдаги муҳим босқич бўлди. 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ёки бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ҳам босқичма-босқич кенгайтирилади. Хусусан, инглиз ҳуқуқ тизимига мансуб давлатларда самарали ишлаётган «халқ вакиллари ҳайъати» институти жорий этилади. Ушбу механизм орқали ўта оғир ва жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлаётган жиноят ишлари жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилади.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бундай ёндашув суд ҳукмларининг адолатли ва ишончли бўлишига хизмат қилади. Шу билан бирга, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламасдан туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини тўлиқ тиклаш мумкин эмаслиги қайд этилди. Шу сабабли, мажбурий ижро тизимига самарали муқобил механизмлар ҳам жорий этилади.

Маълумот ўрнида, «халқ вакиллари ҳайъати» деганда инглиз ҳуқуқ тизимига мансуб давлатларда кенг қўлланиладиган jury институти назарда тутилади. У оддий фуқаролардан шакллантирилиб, айбдорлик ёки айбсизлик масаласини ҳал этишда далилларга баҳо беради ва суд жараёнининг очиқ ўтишига хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид